Президент Шавкат Мирзиёев 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Миллий хавфсизлик хизматининг вилоятдаги фаолиятини жиддий танқид остига олган эди. Ўшанда танқид қилинганлар орасида МХХ тергов бошқармаси терговчиси, адлия подполковниги Нодир Тўрақулов ҳам бор эди.

“Миллий хавфсизликдагилар Сурхондарёни ўлдирган. Икки-уч сотқин, давлат сотқинлари ишлаган. Булар Сурхондарёни от ўйин қилиб ташлаган. Ҳамма тизимни эгаллаган, ҳамма ташкилотни эгаллаган. Яна бир-иккитаси Тошкентда юрибди, бориб ишдан оламан.

Сал қарши гап билдирса, ғийбат қилиб ишдан олиб ташларди. Ўғрига чиқарарди, бир айбни бўйнига қўярди. Энди у замон тугади. Буларнинг биронтасига ишонмайман, буларнинг маълумоти керак эмас. Шуни билинглар.

Сурхондарёда бу масалада оғир эди. Шунинг учун бу ерга битта ҳам бизнесмен келмаган, келдими дарров қамарди. Бу фалончининг одами, бу пистончининг одами, бу ҳокимнинг пул берадиган одами, деб”, деган эди ўшанда Президент.

 

Ўзбекистон МХХ тергов бошқармаси терговчиси, адлия подполковниги Нодирбек Дилмуродович Тўрақулов 16 йиллик қамоққа ҳукм этилган. Хорижий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Олий суд ҳарбий ҳайъатининг 2018 йил 25 октябрда ҳукми чиққан.

Нодир Тўрақулов қамоқ жазосидан ташқари энг кам иш ҳақининг 400 баравари (81 092 000 сўм) миқдорида жаримага ҳам тортилган. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Сурхондарё вилоятидаги фаолияти давомида шериклари билан нафақат маҳаллий, балки хорижий тадбиркорларнинг бизнесини тортиб олиш, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилиш, наркотик савдоларини ташкил этиш каби жиноятларга алоқадорлиги, Денов ва Термиз шаҳарларида унга тегишли “MALIKA GOLD” ресторани, “ORIFA” сауналари борлиги айтилган.

Охирги 2-3 кундан бери ана шу кишининг қамоқдан уй қамоғига чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Буни қанчалик рост ёки шунчаки миш-миш эканлиги ҳақида расмий маълумот бериладими?