Қирғизистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган журналист Бобомурод Абдуллаев 22 август, шанба куни хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиши тўғрисидаги тилхатга асосан озод қилинди. Бу ҳақда Миллий масс-медиани ривожлантириш фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз Telegram каналида маълум қилган.

Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон сўровига мувофиқ 8 август куни Қирғизистонда ҳибсга олинган. Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон Бош прокуратураси унинг қандай айблов асосида қамоққа олингани юзасидан тафсилотларни ошкор қилмаганди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениел Розенблюм журналистнинг Бишкекда ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлардан хавотирдалигини билдирган.

Kun.uz нашри ДХХ ахборот хизмати томонидан тақдим қилинган Бобомурод Абдуллаевнинг президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган видеомурожаатини эълон қилган. Журналист давлат раҳбарига онасининг видеомурожаатини кўриб чиқиб ижобий ҳал этилгани учун миннатдорлик билдирган. Абдуллаевнинг онаси президентга қилган мурожаатида ўғлининг тақдиридан хавотирда эканини айтиб ўтганди.

Бобомурод Абдуллаев Бишкекдан Тошкентга ҳарбий самолётда олиб келингани, ДХХ ходимлари у билан яхши муносабатда бўлганини қайд этган.

Шунингдек, жоурналист 2018 йилдаги воқеалар ва озод қилинганидан кейин ўзига ҳамда онасига бундай мазмундаги мақолаларни бошқа ёзмаслик ҳақида сўз бергани, ҳали ҳам аҳдига содиқ эканини таъкидлаган.

Абдуллаев видеомурожаатида ватан ҳамда халқ хизматида бўлиш учун бор билим ва тажрибасини сафарбар этишга тайёрлигини ҳам айтган.