Ўзбекистонга куз фасли яқинлашмоқда, бу паллада боғлар ҳам ўзгача чирой касб этади. Республикамизнинг бошқа ҳудудлари каби Тошкент вилоятида ҳам истироҳат боғлари сероб. У ерда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда оилавий сайр қилиш ва маданий ҳордиқ чиқариш мумкин.

Ангрен шаҳридаги А.Навоий номли маданият ва истирохат боғи

Ангрен шаҳар Алишер Навоий номли маданият ва истирохат боғи 1977 йилда ташкил этилган. Умумий ер майдони 7 гектарни ташкил этади. Боғ ичида каштан, сафора, қора арча, туя, мажнунтол, терак, арча каби дарахтлар ва кўп йиллик гул кўчатлари экилган. Боғ худудида “Шарқ айланаси”, “Шамол”, “Қуёшча”, “Қўзиқорин”, “Қўнғироқча”, “Болалар поезди”, “Тўқнашув машиналари”, “Қайиқча”, “Сальто”, “Батут”, “Лашарики” номли аттракционлар болажонларга завқ улашади. Боғ томонидан ўтган йилларда Наврўз умумхалқ байрами, Халқаро оила куни, Кончилар куни, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни, Мустақиллик байрамига бағишланган оммавий тадбирлар ўтказилиб келинган. Кам таъминланган оила фарзандлари ва 34-мактаб-интернат тарбияланувчилари учун бепул хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган.

Олмалиқ шаҳридаги бешта боғ

“Олмалиқ ёшлар боғи” 2010 йилда хашар йўли билан ташкил этилган, унинг умумий майдони 2.1 гектар. Боғда 500 дан зиёд манзарали дарахтлар ўсмоқда. Боғ худудида усти ёпиқ суҳбат ўриндиқлари (беседка), кичик сув ҳавзалари, болалар ўйингохи, рақс майдончаси, гулзорлар мавжуд. Боғда эртак қаҳрамонларининг ҳайкаллари ўрнатилган.

Олмалиқ “Олеся” маданият ва истироҳат боғи 2003 йилда бунёд этилган. Умумий ер майдони 3.86 гектар бўлиб, дарахтлар сони 1330 та, фавворалар сони 3 та, аттракционлар 12 та. Боғ худудида жонли бурчак ҳам мавжуд.

“Олтин олма” байрамлар хиёбони 2009 йилда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ҳашар йўли билан барпо этилган. Майдони 9489 кв.м. Фавворалар, ўриндиқлар, манзарали дарахтлар, чироқлар, газонлар боғга кўрк қўшмоқда. Шаҳар ахолисининг севимли дам олиш маскани хисобланади.

“Аква-парк” 2013 йил “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ОАЖ маблағи ҳисобидан қурилган бўлиб, умумий майдони  2.1 гектар. Унда дам олувчиларнинг эхтиёжини қондириш мақсадида хўжалик ва маиший бинолар барпо этилибгина қолмай, катталар ва болалар учун чўмилиш канали, сирпаниш аттракциони барпо этилган.

“Халқлар дўстлиги” сайлгохи ҳам 2013 йил “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ОАЖ ҳамда шаҳар корхона-ташкилотлар билан биргаликда ҳашар йўли билан қурилган. Ундан болалар учун дам олиш майдончаси, турли хил аттракционлар, мини футбол майдони ҳамда дам олиш ўриндиқлари жой олган. Умумий майдони 2,5 гектарни ташкил этади.

Янгийўл туманидаги А.Навоий гулшани номли маданият ва истироҳат боғи

Ушбу боғ 1933 йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган, илгари “Пушкин” номи билан аталар эди. 2011-2015 йилларда А.Навоий Гулшани номли маданият ва истироҳат боғида ўрнатиладиган замонавий ўйин қурилмалари ва анжомлари рўйхати ишлаб чиқилди ва туман хокими томонидан тасдиқланди. 2002 йил ҳашар йўли билан боғ тўлиқ реконструкция қилинди. Боғнинг асосий худуди 3,214 гектар бўлиб, бир кунда боққа келувчилар назорат меъёри 150-200 кишидан иборат.

Ўрта Чирчиқ туманидаги Маънавият ва маърифат маркази боғи

2011 йил Ўрта Чирчиқ туманида вилоят Маънавият ва маърифат маркази боғи ҳамда Хотира майдони ташкил этилган. Боғнинг умумий майдони 5,5 гектарни ташкил этиб, бу жой вилоят ёшларининг том маънодаги байрам кунлари ва тантаналарида зиёрат масканига айланганди. Шунингдек, Ўрта Чирчиқ тумани ва вилоят миқёсидаги Наврўз, Мустақиллик, Хотира ва қадрлаш куни ва бошқа турдаги ҳар хил саналарга бағишланган тадбирлар ҳамда кўрик-танловлар ўтказилиб келинган.

Бўстонлиқ туманидаги Боғи Эрам истироҳат боғи

Бўстонлиқ туман ҳокимининг қарорига мувофиқ “BOG’I ERAM” давлат унитар корхонаси ташкил этилган. У Ғазалкент шаҳрида жойлашган. Боғда 400 ўринли амфитеатр, ёзги болалар бассейни, каруселлар, болалар шаҳарчаси, 1 та кичик ҳайвонот боғи, 4 та аттракцион, ёзги фаввора ишга туширилган. 2012 йилнинг 31 август куни Мустақиллик байрами арафасида “BOG’I ERAM” истироҳат боғи очилиш маросими ўтказилган. Ўтган йиллар давомида турли байрамлар кўтаринки руҳда нишонлаб келинган.

Паркент туманидаги Ёшлар боғи

Алишер Навоий шоҳ кўчасида 2019 йилнинг июль ойида фойдаланишга топширилган “Ёшлар боғи” фаолият юритади. Туман аҳолиси, ёшлар учун бу ерда бир қатор қулайликлар яратилган. Саёҳатчилар ҳам боғ бўйлаб сайр қилишни унутмайдилар.

Оққўрғон туманидаги Ёшлар боғи

Ёшлар боғи Оққўрғон тумани марказидаги “Бирлик” МФЙ ҳудудида жойлашган.  2019 йилда ҳашар йўли билан ташкил этилган, унинг умумий майдони 2.2 гектар. Боғда 200 дан зиёд манзарали дарахтлар ўсмоқда. Боғ худудида суҳбат ўриндиқлари, сув ҳавзаси, болалар ўйингохи, 150 ўринли ёзги анфитеатр, рақс майдончаси, болалар учун 8 турдаги атракционлар, гулзорлар мавжуд. Боғда эртак қаҳрамонларининг ҳайкаллари ўрнатилган.

Бўка туманидаги истирохат боғлари

«Дўстлик» МФЙ худудида жойлашган “Маданият ва Маърифат  экопарк” Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йилда илгари сурган 5 та муҳим ташаббуси доирасида ташкил этилган. Ушбу экопарк Тошкент шаҳар “Ўзбекистон” наширёт матбаа ижодий уйи давлат унитар корхонаси томонидан ташкил этилиб фойдаланишга топширилган.

«Бўстон» МФЙ худудидаги “Бўстон Ёшлар боғи” ҳам 2019 йилда  5 та муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши томонидан ташкил этилиб, Бўка тумани кенгаши бўлимига топширилган. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган бу боғда шартнома асосида маҳалла ҳудудидаги табдиркорга берилган.

Бекобод туманидаги истироҳат боғи

“Болалар истироҳат боғи” 2004 йилда Ўзбекистон Металлургия комбинати томонидан ташкил этилган, унинг умумий майдони 2.21 гектар. Боғда 480 дан зиёд манзарали дарахтлар ўсмоқда. Боғ худудида усти ёпиқ суҳбат ўриндиқлари (беседка), 2 дона кичик фавворалар, болалар ўйингохи, рақс майдончаси, гулзорлар мавжуд.

Пискентдаги икки боғ

 Ёшлар боғи “Мўминобод” МФЙда жойлашган бўлиб, майдони 1,8 гектарни ташкил этади. 2011 йил туман ҳокимининг қарори билан мукаммал таъмирланган.  375 та манзарали дарахтлар, 13 та шийпонча, 504 ўринли ёзги амфитеатр, 17 та болалар арғимчоғи, 24 та эртак қаҳрамонлари ҳайкаллари, 2 та фаввора, 1 та қушхона мавжуд. Ёзги амфитеатр “Ойбек” МФЙ да жойлашган, майдони 2 гектар. Туман ҳокимининг 2018 йил 13 августдаги 1664-сонли қарори билан қурилган. 55 та манзарали дарахтлар, 7000 та мавсумий гул, 15 та ҳайкал, 1600 ўринли амфитеатр, 1 та мусиқали фаввора мавжуд.

Вилоятнинг қолган туман-шаҳарларида ҳам шу каби боғлар барпо этилиши режалаштирилмоқда. Дам олувчи сайёҳлар, маҳаллий аҳоли учун парк ва истироҳат боғлари албатта, керак. Дам олиш кунларининг мазмунли ўтиши, болажонларнинг таътил вақтида зерикмасликлари учун бунёдкорлик ишлари доирасида бунёд этилаётган бундай кўнгилочар масканларнинг кўпайтирилиши аҳоли фаровонлиги учун ҳисса қўшади.