Саудия подшоҳининг Ислом Каримовга берган совғаси қаерда?


1991 йил, декабрь. Ислом Каримов Ўзбекистон Президентлигига биринчи сайловда иштирок этар, вилоятларга чиқиб одамлар билан учрашарди. Шундай сайловолди учрашувларидан бири 22 декабрь куни Фарғона шаҳрида бўлди.

Ўшанда мамлакатда “кенгаш” (совет) деган тизим бўлиб, Фарғона вилоятида унга собиқ обком секретари Ғуломжон Фозилов раис эди.

Шаҳардаги оммавий маданий марказ (собиқ сиёсий-ўқув, ҳозирги тадбиркорлар) уйининг катта зали одам билан тўлиб кетган. Минбарга иккита курси қўйилган. Бирида Каримов, иккинчисида вилоят кенгаши раиси. Биринчи қатордаги бир неча бўш жойларга биз, Президент ҳамроҳлари ва журналистлар ўтирдик.

Дастлаб Президентнинг ишончли вакили Мўсажон Шербўтаев номзоднинг таржимаи ҳоли, амалга ошираётган ишлари ҳақида гапирди.

Фарғонада Шербўтаевни ҳамма танир, нотиқликда раҳбарлар ичида унга бас келадигани кам эди.

– Ҳурматли фарғоналиклар, ҳурматли Президентим Ислом ака! – дея гапини давом эттирди у. “Президентим” сўзи айтилиши билан Каримов унга ярқ этиб қаради. Тушунишимча, Ислом Каримовга илгари бундай сўз билан мурожаат қилмаганлар. Президентим… Дарҳақиқат таъсирчан ва “сеҳрли” сўзни топиб меҳр билан мурожаат қилган эди Шербўтаев. –Сиз бизнинг Президентимизсиз, бизга мустақилликни берган инсонсиз. Ўнта номзод бўмайдими, фарғоналиклар Сизни танлашган ва бунга ишонинг! Тўғрими?

Шербўтаев охирги сўзларга урғу бериб баланд овозда икки қўлини залда ўтирганларга қарата кенг очиб айтган эди. Бирдан одамлар қалқиб ўринларидан туриб, узоқ қарсак чалдилар.

– Мен Қуванинг ҳар бир фуқароси билан сиз ҳақингизда гаплашганман. Керак бўлса бутун Ўзбекистон бўйлаб юриб, Сизнинг номзодингизни тарғиб қилишга тайёрман.

Яна гулдурос қарсак чалинди.

Каримов минбар томон юрди, Шербўтаев эса у томон. Улар бир бирларига қўл бердилар, кейин қучоқ очиб кўришдилар. Шербўтаев Ислом Каримовнинг ўнг қўлини тепага кўтариб:

  • Мана бизнинг Президент! – дея хитоб қилди.

Ҳамма ўрнидан турди. Бу гал “президент, президент!” дея олқишладилар.

Очиғи, учрашув бундай тус олишини ҳеч ким кутмаганди. Ҳолбуки, Фарғонада ҳам “Эрк” халқ демократик партияси вакиллари бўлиб, уларнинг бир нечтаси залда ўтирардилар. Аммо улар оқимга, йиғилиш руҳига қарши боришга жазм қилолмадилар.

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон ва унинг келажаги ҳақида узоқ гапирди. Ҳамма маҳлиё бўлиб қолганди бундай орзу ва режаларга.

Кейин ЎзХДП Фрунзе (ҳозирги Данғара) тумани кенгаши раиси Р.Раҳмонов, Киров (ҳозирги Бешариқ) тумани Киров номли давлат жамоа хўжалиги директори Сотволди Абдумажидовлар сўзга чиқди ва сайловда бу номзодни қўллаб-қувватлашга чақирди. Раислик қилувчи рўйхат бўйича яна кимгадир сўз бермоқчи эди Каримов уни тўхтатди.

– Азиз фарғоналиклар, – деди у ғоят самимий оҳангда. –Келинг, қоғоз орқали эмас, юракдан сўзлашайлик. Мен сизларни нима ташвишга солаяпти, агар ишонч билдирсангиз қайси масалага бирламчи эътибор қилишимиз керак, шуни айтинг.

Шунда биринчи қаторда ўтирган йўл-йўл чакмонли, бошида катта салла, кўз ойнак таққан, барваста бўйли, узун соқоли селкиллаган одам қўл кўтариб сўз сўради. Жавобини олмасданоқ минбарга томон юрди.

– Ассалому алайкум, вараҳматуллоҳи ваборакот!

Оқсоқол бир оз тин олди. Ўтирганлар жим қолишди. Гўё ҳозир бир нарса бўлгандек ёки бўладигандек. Чунки партия ўқув уйи минбаридан бундай сўзлар илк бор айтилаётганди-да.

– Танийсизми, бу Тоҳир ҳожи ака, – деди секин қулоғимга шипшип ёнимда ўтирган вилоят кенгаши масъул ходими.

– Оллоҳ таборака таоло ҳар ишни ўзи билгучи ва ўзи қилгучи. Сизнинг бу ёруғ оламга келишингиз ҳам хосиятли эди. Яратган сизга жон ато қилганда ота-онангиз қалбига ислом нурини солган, унинг амри билан қулоғингизга азон айтилган ва сизга Ислом деб исм қўйганлар!

Тоҳир ҳожи ҳар бир сўзни маъносига қараб ширали овозда оҳиста-оҳиста ифода қилар эди. Залда ўтирганлар ҳам, Ислом Каримов ҳам бир нуқтага –нотиқнинг оғзига қараб қолгандилар.

– Буюк яратувчимиз Сизнинг дунёга келишингиз билан боғлиқ яна бир ҳикмат кўрсатди. Ўша кунлари ақл бовар қилмас мўъжизасини, қудратини намоён этди. 40 кунда, бир чақалоқ чилласи муддати Катта Фарғона канали бунёд бўлди. Юз йил, минг йиллар ўтар, аммо бу мўъжиза абадий қолажак.

Тоҳир ҳожи аста овозини кўтара бошлади.

–Бу инсонга Оллоҳ яна бир амр бердики, у мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Энди айтинг, эй ҳалойиқ шундай инсон, Оллоҳнинг ердаги сояси бўлиб турган Ислом ака Каримов президент бўлмай ким бўлсин!

Зал ҳаяжондан увиллаб юборди. Қарсак тўхтамасди. Ислом ака ўрнидан туриб бир залга, бир минбарда турган Тоҳир ҳожига таъзим қилди.

Нотиқ бир неча бор ўтирганларни тинчитиш учун қўлида ишора қилди. Сўнг, яна ҳамманинг диққати минбарга қараганда, тўсатдан йиғлаб юборди.

Ҳа, минбарда бошида катта салла, оппоқ соқоли кўксига тушган уламо мақомидаги нотиқ йиғлаб юборди.

– Мен ўла-ўлгунча сизни дуо қиламан, – деди у ўзини тўхтатиб олиб. – Ота-боболарим умр бўйи динимизга не азобларда, яширинча, шўродан қўрқиб хизмат қилдилар. Отам қўлимда жон бераётиб ҳаж армонини айтдилар.

Мен ҳам динимизга, исломга хизмат қилиб келдим. Менда ҳам шу армон бор эди. Сиз, Ислом ака, сизнинг жасоратингиз туфайли юзлаб мусулмонлар қатори мен ҳам Ҳажга бориб келдим. Ўша муқаддас Маккаи мукаррама ва Мадинаи Мунавварада туриб сизнинг ота-онангиз ҳаққига дуо қилдим, Оллоҳдан унинг Ўзбекистондаги соясига тани-сиҳатлик, бир умр элга бошчилик қилишни тиладим. Мана шу устимдаги чакмонни ҳам Маккадан атайин сиз учун сотиб олгандим. Бугун табаррук бўлсин деб биринчи марта кийиб келдим ва ҳозир уни Сизга, ҳақиқий эгасига топширай!

Тоҳир ҳожи устидаги чакмонни еча бошлаганидаёқ Ислом Каримов ўрнидан туриб у томон юрган эди. Одамларнинг баъзилари кўзида ёш пайдо бўлди. Ҳамма тинимсиз қарсак чаларди. Елкасига чакмон ташланган Каримов Тоҳир ҳожи ёнида туриб:

– Сизга, қалб сўзларингиз, бу совғангиз учун раҳмат. Мен ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан. Ахир мен ҳам, алҳамдилуллоҳ мусулмонман! – деди.

Учрашув иштирокчилари яна оёққа турди, қарсак тўхтамасди.

Улар бир-бирларини қучдилар.

1991 йил 22 декабрида Фарғонада шундай бўлган эди.

Кейинги воқеалар қисман сизга аён. Ислом Каримов Ўзбекистон Президентлигига сайланди.

Ислом ака унга садоқат кўрсатганларни унутмади. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Мўсожон Шербўтаевнинг обрўсини “жойига қўйди”. Вилоят ҳокимлари ҳам у билан “ҳисоблашадиган”, унинг тавсияларига қулоқ соладиган бўлиб қолдилар. Ислом Каримов Мўсожон Шербўтаевни ўзининг хориж сафарларига бирга олиб борадиган бўлди. Ҳатто 1992 йилда Саудия Подшоҳлигига қилган ташрифларида ҳам у президент ҳамроҳлари сафида эди.

Қирол Фаҳд бин Абдулазиз ас-Сауд Ислом Каримовни илгари ҳеч кимга кўрсатилмаган юксак илтифот билан кутиб олди. Унинг ўзи шахсан аэропортга келиши, самолёт зиналари олдида меҳмонни қаршилаши дунё матбуотида катта шов-шув бўлган.