EFFECT.UZ мухбири Элёр Тожибоев томонидан таҳририятимизга мурожаат қилган Жўраева Барчинойнинг мурожаати ўрганиб чиқилди.

Мурожаатда қуйидаги ҳолатлар ўз аксини топган, яъни:

2020 йил 18 май куни Қува тумани, Гулистон МФЙ ҳудудида жойлашган ер майдонида фуқаро Жўраев Лочинбек дала майдонини сув суғориш ишларини олиб бораётган вақтида, унинг олдига Умаров Мардон келиб, жамиятда ўрнатилган юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, таёқ билан танасини турли жойларига уриб, тан жароҳатлар етказган.

 

Сўнг мазкур жанжалга Мардон Умаровнинг яқин қариндошлари «Муҳаммадали», «Отабек» ва «Ойбек» исмли шахслар аралашиб, бир гуруҳ бўлгани ҳолда Жўраев Лочинбекни уришиб, танасига тан жароҳати етказиб, олд «тиш»ини синдиришган.

Мазкур жанжални тўхтатиш мақсадида Махфиратхон Жўраева ва Жамолдин Турғунов аралашганида, уларни ҳам Мардон Умаров ҳамда яқин қариндошлари «Муҳаммадали», «Отабек» ва «Ойбек» исмли шахслар уриб, тан жароҳати етказишган.

2020 йил 19 май куни Жўраев Ориф мазкур жанжални яраштириш йўли орқали бартараф этиш мақсадида Умаров Мардони олдига борганида, у ерда Умаров Мардон хамда яқин қариндошлари «Муҳаммадали», «Асил», «Азиз» ва «Лазиз» исмли шахслар жамиятда ўрнатилган юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, уятли сўзлар билан сўкиб, уриб тан жароҳати етказишган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суд-тиббий экспертизаларининг хулосаларига кўра «Фуқаролар Жўраев Лочинбек, Жўраев Ориф, Жўраева Махпират, Турғунов Жамолдинларда енгил тан жароҳатлари мавжудлиги» аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани ИИБ томонидан қабул қилинган «жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги» қарори 2020 йил 8 июль куни Қува тумани прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, мазкур қарор бекор қилинган ва қўшимча суриштирув ишлари олиб бориш учун Қува тумани ИИБга қайтариб юборилган.

Ўйлаймизки, Фарғона вилояти ИИБ томонидан “Умаров Мардон хамда яқин қариндошлари «Муҳаммадали», «Отабек», «Ойбек», «Асил», «Азиз» ва «Лазиз» исмли шахсларни ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси бўйича жиноят таркиби мавжуд ёки йўқлигига” қонуний баҳо берилади.