Онлайн дарсга халал берган фарзандларини уришиб ташлаган наманганлик аёл қўшиқ куйлади

Ижтимоий тармоқларда боғча тарбияланувчилари учун видеодарс тайёрлаётган тарбиячи опанинг видеоси тарқалди. Видеолавҳа сўнгида тарбиячининг дарсга халақит бераётган фарзандларини койигани акс этган. Мазкур ролик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кулгу ва масхара қилинди. Ҳатто уни турлича талқин қилиб, масхара қилувчилар ҳам топилди.

Мактабгача таълим вазирлиги эса видеоролик юзасидан муносабат билдириб, уни тайёрлаган Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячисини касбий этика қоидаларини бузганликда айблади ва унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилганини (айнан қандай жазо тури танлангани айтилмаган) маълум қилди.

Фаол блогер Ақида Хоним аёлни қўллаб-қувватлаш мақсадида Наманганга бориб, Ҳилола Нурматова билан учрашди.

«Бу видеони адашиб чиқарворганимдан роса сиқилдим. 3-4 кун касал ҳам бўлиб қолдим. Телефонда яхши инсонларнинг ёзганларини ўқиб кейин кайфиятим кўтарилди. Бошлиқларим келиб, анча қўллаб-қувватлашди. Бунақа вазият бўлади деб ўйламаган эдим», — дея хижолат бўлади аёл.

Учрашув давомида боғча опа мазкур ташрифдан кўнгли жуда кўтарилганини таъкидлаб, видеодарсни «белига тепган» «Мен сени ойларга бермайман» қўшиғини биргалашиб куйлаган.

Аввалроқ Ҳилола Нурматова машғулотлар ўтиш учун 3-4 марта видеоролик олиши, сўнг уларни мактабгача таълим ташкилотининг Telegram’даги гуруҳига ташлаб қўйишини маълум қилганди.

«Кичкина қизим беш ёш, катта ўғлим етти ёш — тасвирга олиш вақтида ўғлим ёрдам берарди. 16 июль куни ролик олаётганимда шундай ҳолат бўлиб қолди, кейинроқ ўша воқеа ёзилган видеони адашиб гуруҳга ташлаб юборибман. Орадан 15 дақиқалар ўтиб, ҳамкасбим менга нотўғри видео кетиб қолганини айтди, шундан сўнг уни ўчириб, ўрнига бошқа вариантини гуруҳга ташладим», — деганди аёл.