Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг ертўласида яшаб келаётган оила ҳақида видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Унда айтилишича, кўчада қолган она ёрдамга муҳтож бўлиб, Сергели туманидаги “Янги Чоштепа” маҳалласи “Ўзар” кўчаси 14-уй ертўласида уч ойлик чақалоғи ва онаси билан бирга яшаб келмоқда.

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов ҳамда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов мазкур масалани жойига чиқиб ўрганди.

Маълум бўлишича, 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро А.Иноғомова Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида доимий рўйхатда туради. Бироқ уйи йўқлиги сабабли онаси У.Иноғомова билан руҳий касалликлар бўйича диспансер назоратида турадиган опаси Н.Пўлатованинг  Сергели туманидаги “Янги Чоштепа” маҳалласи “Ўзар” кўчаси 14-уйида истиқомат қилган. Бир хонали уйда яшаб турган пайтда юзага келган ўзаро келишмоқчилик сабаб опаси уларни уйидан ҳайдайди. Оқибатда у уч ойлик фарзанди ва онаси билан ертўлада яшаб туришга мажбур бўлган.

 

А.Иноғомова Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигига ва бошқа бир қатор тегишли идораларга мурожаат қилган. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмаган. Олий Мажлис Сенати аъзолари ушбу масала юзасидан МФЙ раиси, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддилар билан суҳбатлашди ҳамда уларга тегишли кўрсатмалар берди.

А.Иноғомованинг муаммоси қонуний кўриб чиқилиши учун маълум муддат талаб этилиши табиий. Шу боис, унга ҳозирда вақтинчалик яшаб туриши учун ушбу ҳудуддаги хонадонлардан бирида шароит яратилди ва ижара ҳақи тўлаб берилди.

“Ҳеч бўлмаса ҳожатхонаси бор уйга олиб чиқишингиз керак эди. 3 ойлик чақалоғи билан ёш аёлни ертўлада яшаши менимча ўзбекчилигимизга ҳам тўғри келмаса керак”, дейди Сенатор Носирбек Абдуллаханов.

Шундай қилиб, масала сенаторлар томонидан назоратга олиниб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.