Жорий йилнинг 3 август куни Effect.uz мухбирлари Акмал Эшонхонов ва Рухсора Баҳромзода бир кун давомида Тошкент вирусология илмий текшириш институти клиникасидан махсус репортаж тайёрлаган эди.

Орадан 9 кун вақт ўтиб бу репортажнинг 5-қисми омма эътиборига ҳавола қилинмоқда. Маълум бўлишича, видеода кўрсатилган беморларнинг 3 нафари вафот этган. Видеода кўринган марҳумларнинг яқинлари ва оила-аъзолари таҳририятга қўнғироқ қилиб, бу нохуш хабарни етказишди. Афсуски, икки отаҳон ва яна бир 43 ёшли эркак бемор вафот этган. Бизга ҳозиргача маълум бўлгани шу ва умид қиламизки бошқа нохуш хабар эшитмаймиз.

1-ҚИСМ

2-ҚИСМ

3-ҚИСМ

4-ҚИСМ

Клиникада бизга тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова ҳамроҳлик қилиб, аҳволи оғир беморлар ҳақида маълумот берди. Палатадаги беморлар аҳволи билан танишар эканмиз, уларнинг кўзларида яшашга бўлган умидни кўрасан киши. Бу ерда барча оқ рангдаги махсус кийимлар остига “яширинган”. Ҳамма бир ҳил кийимда эканлиги учун мухбирлар ўз ҳамкасбларини ҳам адаштиришди.

 

Оғир аҳволдаги беморлар кўплигидан жой етишмовчилиги келиб чиққан ва бунинг натижасида шифокорлар хонасида ҳам беморлар даволанмоқда. Реанимациядан чиқиб, жадал даволаш бўлимига йўл олдик. Бу бўлимда асосан жигар циррози билан оғриган беморларни жадал даволаш ишлари амалга оширилади. Аввал 12 ўринга мўлжалланган бу бўлимда ҳозирда кенгайтирилган бўлиб, 33 бемор даволаниши мумкин. Бўлимнинг биринчи хонасига киришимиз билан бир бемор кутилмаганда шифокорлар ва президентга раҳматини айтди.

“Мен бу ерга ўламан деб келган эдим, аммо (шифокорга қараб (таҳр) “онажоним” мени ҳаётга қайтардилар. Ҳамма-ҳаммага раҳмат, президент, халқимиз, шифокорлар, ҳайдовчилар барчадан миннатдорман. Ҳаётим бу шифокорнинг икки қўлида. Юрбошимизга илтимос қиламан, мана халқ қаҳрамонлари, беринглар шу инсонларга барча медалларни.

Ҳаётни, оламни қайтарди бу шифокорлар. Биз бу касалликни енгамиз, чунки президенимиз бор, халқ бор, шифокорлар бор. Касалдан қўрқманглар, чунки бундай юртбош билан барча синовларни енгамиз. Сизлар учун жон фидо бўлсин, “онажоним”га қаҳрамон медалини беринглар, бутун олам билсин. Ҳар бир инсонни асраяпмиз, қўрқмаяпмиз касалликдан. Ҳаммага раҳмат, “онажоним”ни Хажга олиб бораман Худо хоҳласа”, дейди Санжар исмли бемор.

Бу репортаж эълон қилингач, сизлардан илтимос қилиб сўраб қоламиз: яъни беморлар томонидан айтилган сўзлар сунъий равишда яратилмаган ва уларга кимнидир мақтанглар деб айтилмаган. Бунга Effect.uz 100 фоиз кафолат беради.

Муҳайё Асилов 6 кун аввал клиникага келган бемор ҳақида маълумот берар экан, аёл кузатув остига олингандан сўнг аҳволи ижобий томонга ўзгарган. Беморнинг аҳволи стабиллашаётгани учун клиникадан жавоб беришга тайёргарлик кўрилган.

“Шифокорларнинг умри узоқ, ризқи баланд бўлсин. Келганимда аҳволим жуда ёмон эди. Ҳамшираларнинг тани-жонини соғ қилсин”, дейди бемор.

Маълумот учун, 12 август соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 32 465 нафарни ташкил этмоқда. Вафот этганлар 210 нафарга яқинлашиб қолди.

12 август куни Ўзбекистоннинг 6 ҳудудида жами 1 016 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалиб, соғайганлар сони 25 106 (+1 016) нафарни ташкил этмоқда. Коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 77 фоизга етди. Ҳозирда 7 149 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.