Effect.uz мухбирлари Акмал Эшонхонов ва Руҳсора Баҳромзода ўтган ҳафта Тошкент вирусология илмий текшириш институти клиникасидан махсус репортаж тайёрлаган эди.

Бу кунгача репортажнинг икки қисмини обуначилар эътиборига ҳавола қилишга улгурдик. Бугун, 10 август куни ушбу репортажнинг навбатдаги қисмини ҳавола этамиз. Бизга бу клиникада тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова ҳамроҳлик қилиб, аҳволи оғир беморлар ҳақида маълумот берди. Аксарият беморларнинг ўзлари ҳам микрофонимизга гапиришди.

 

“Ҳар бир икки соатда ёнимизга келиб қарашади, ҳаммадан бошдан-охиригача хабар оладилар. Врачларга гап бўлиши мумкин эмас, жуда ҳам юқори даражада қарашяпти. Кучимиз киряпти, ҳаётга қайтяпмиз”, дейди жонлантириш бўлимидаги 32 ёшдаги бемор.

Муҳайё Асилованинг айтишича, беморлар шифокорларни қўлларидан ушлаб олишади ва айни вақтда бу клиникада 200 га яқин беморлар даволаняпти. Улардан 30 га яқини ҳозирда реанимация бўлимида даволаняпти. Асосан бу ерга қўшимча вазни бор ва ҳамроҳ касалликлари бор беморлар мурожаат қилади.

“Реанимация бўлимида хоналар кам эди, шунинг учун ҳатто ўз хонамизни ҳам бўшатиб бердик. Ҳозир ҳақиқий уруш кетяпти. Кўринмас душман билан уруш осон бўлмаяпти”, дейди Муҳайё Асилова.

Маълумот учун, 10 август соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 31 068 нафарни ташкил этмоқда. Сергели туманида яшаган 63 ёшли Д.С. (эркак) ҳамда Қибрай туманида яшаган 80 ёшли Х.А. (эркак), жами 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Айни пайтга қадар 22 559 (+517) нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (72 фоиз) соғайган. Ҳозирда 8 311 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.