Тошкент шаҳар ИИББ интернетда 3 нафар аёлнинг бошқа бир аёлни ураётгани ва ҳақорат қилаётгани ҳақида тарқалган видео юзасидан расмий ахборот берди.

Қайд этилишича, ҳодиса Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганиб чиқилган. Воқеа 7 август куни Сергели туманида содир бўлган. Аёлларнинг шахслари аниқланган.

Улар — 41 ёшли фарғоналик муқаддам Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисми (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) бўйича судланган М.М., асли сурхондарёлик 35 ёшли Ш.П. муқаддам Жиноят кодексининг 131-моддаси 4-қисми ва 169-моддаси 1-қисми (ўғрилик) бўйича судланган. Шунингдек, учинчи аёл 23 ёшли фарғоналик Ш.К., жабрланувчи эса 29 ёшли фарғоналик Г.Э. бўлган.

Бошқарма ахборотига кўра, уч нафар аёл олдиндан тил бириктириб, Г.Э.ни М.М.нинг ўғлини сеҳрлаб ром қилганликда айблаган ва уни дўппослаган. М.М. ҳодисани телефон орқали видеога тушириб, жабрланувчини шарманда қилиш учун интернетга жойлаган.

Сергели тумани прокуратураси 8 август куни мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 1-қисми (қийнаш) бўйича жиноий иш қўзғатган ва тергов олиб борилмоқда, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.