Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “20202021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарор билан 2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Туманда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида 2020 йилда жисмоний шахслар ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилди.

Шунингдек, жорий йил 1 августдан бошлаб 2021 йил 31 июлга қадар якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалдаги қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланди.

Бундан ташқари, тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит фоиз ставкасининг 10 фоизли пунктидан юқори бўлган қисмини, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдорини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация қилиш тартиби жорий этилиши ҳам давлат раҳбари қарорида алоҳида қайд этилади.

Яна бир эътиборли ҳолат: Сўх тумани ҳокимига (Фарғона вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда) 2022 йил 1 январга қадар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар учун, истисно тариқасида, суғориладиган ер майдонларидан ташқари, ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳуқуқи берилди.