Кеча, 8 август куни АОКАда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Давлат тест маркази директори Мажид Каримов ва унинг ўринбосари Сардор Ражабов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда асосан бу йилги кириш имтиҳонлари ва ОТМлардаги контракт миқдорини тушуриш ҳақида сўз олиб борилди.

 

Қуйида брифингдаги асосий тизерларни ҳавола қиламиз:

Биринчи курслар учун ўқиш

Биринчи курслар учун ўқиш 1 октябрдан бошланиши режалаштириляпти. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов маълум қилди. Мажидовнинг айтишича, иккинчи ва ундан юқори курслар сентябрдан бошлаб масофадан таҳсил олишни бошлайдилар.

Карантин узайтирилса, тест синовлари кечиктирилади

Агар карантин 15 август ёки 30 августда бекор қилинса, тест синовлари 2 сентябрда бошланади. Биз 2 сентябргача пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашидан умидвормиз.  Агар карантин узайтирилса, албатта тест қолдирилади. Чунки биринчи навбатда абитуриентлар саломатлиги туради, дейди Мажид Каримов, Давлат тест маркази директори.

Тест синовлари учун вақт бир соатга қисқарди, энди 2 соат

Тест синовлари учун абитуриентларга 2 соат вақт берилади. Эрталабки сменалар соат 8:00да бошланиб, 10:00да тугайди, кечки сменалар эса соат 17:00да бошланиб, 19:00да якунланади.

Абитуриентларга бир марталик ҳимоя воситаларига қўшимча равишда кепкалар ҳам тарқатилади. Абитуриентлар 2 та фандан жами 60 та тест саволига жавоб топади.

Барча йўналишлар бўйича қабул жараёнлари, жумладан магистратура, академик лицейлар ва ижодий имтиҳонлар ҳам тест синовлари бўлиб ўтаётган бир вақтда (2-16 сентябрь) ўтказилади.

Нима учун тест синовлари уч соатдан икки соатга қисқартирилди?

Чунки ҳар йили тест синовлари учта фандан ўтказилар ва учта фанга уч соат вақт берилар эди. Бу йилги тест синовлари иккита фандан ўтказилади. Шароитдан келиб чиқиб, қўшимча фанлар олиб ташланди. Бундан ташқари, тест синовлари анча соддалаштирилган ва осонлаштирилган, — Мажид Каримов, Давлат тест маркази директори.

ДТМ тест синовида қатнашадиган назоратчиларни боди-камералар билан таъминлаш бўйича Махсус комиссияга таклиф киритади

Давлат тест маркази директори Мажид Каримов блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ташаббусини қўллаб-қувватлашини маълум қилди:

“Биз албатта бу бўйича Республика махсус комиссиясига таклиф киритамиз. Тест синовларининг шаффоф ўтиши, кейинчалик имтиҳон жараёнларига тааллуқли бирор муаммони муҳокама қилишга тўғри келиб қолса, асос ва исботлар керак бўлиши нуқтаи назаридан, буни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз”.

Ижодий имтиҳонлар ўтказилади

Албатта, бу йил ҳам ижодий имтиҳонлар ўтказилади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтини оптималлаштиришни ўйлаяпмиз.

Ҳар бир йўналишдан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари, мутахассислар томонидан ижодий имтиҳонларнинг дастури ишлаб чиқади. Олий ўқув юрти ўзи моделлаштиради, ректорлар, мутахассислар ўйлаб, таклифларини киритади, дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов.

Тест синовлари стадионларда ўтказилади

Барча тест синовлари стадионларда ўтказилади. Шаклидан қатъий назар. Кундузги, кечки ёки сиртқи — барчаси очиқ стадионларда ўтказилади, деди Мажид Каримов, Давлат тест маркази директори.

Барча йўналишлар бўйича қабул жараёнлари, жумладан магистратура, академик лицейлар ҳам тест синовлари бўлиб ўтаётган бир вақтда, айни шу даврда ўтказилади, деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов

ДТМ ҳужжати тестдан 10 кун аввал жойланади

Тест синовларидан ўн кун олдин Давлат тест марказининг сайтида ҳар бир абитуриентнинг шахсий кабинетида ДТМ ҳужжати қўйилади. Ҳар бир абитуриент рўйхатдан ўтганда кўрсатган телефон рақамига бу ҳақда хабар берилади, деди Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов.

Абитуриент тест топшириш жойини қаерда кўрсатган бўлса, ўша ерда топширади

Ҳар бир абитуриент тест топшириш жойи сифатида қаерни кўрсатган бўлса, тест синовларини ўша жойда топширади. Давлат тест маркази базадаги маълумотни ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас, дейди Сардор Ражабов.

Иккинчи мутахассислик

Иккинчи мутахассисликка ҳужжат қабул қилиш 10 августдан онлайн тарзда бошланади, деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов.

Контракт тўлай олмаса талаба энди ўқишдан четлатилмаслиги мумкин

Пандемия билан боғлиқ вазият туфайли талабалари бор кўплаб оилалар қийналиб қолишган. Контракт тўлашнинг сўнгги муддати қачонгача? Талаба контракт тўлашди қийналса, оқибати нима бўлади?

Агар талабанинг вазияти оғир бўлса, талабанинг қурби тўлашга етмаса, олий ўқув юрти вазиятни ўрганиб чиқиб, шу талабага ёрдам бериб, контрактни қоплаш чораси кўрилади. Талаба эндиликда контрактни тўлай олмаса, у четлатилмайди, балки курсдан-курсга қолдирилиши масаласи кўриб чиқилади. Бунда ОТМ томонидан вазият тўлиқ ўрганилгач, қарор қабул қилинади.

Нега саволларни Президент топшириғига қадар осонлаштирмагансизлар?

Юқорида саволларни соддалаштириш масаласида президентимиз топшириқ берганлари ҳақида айтиб ўтдингиз. Бу ишни қилишни шу пайтгача, айнан президент топшириқ бермагунча иложи йўқмиди? Бу саволга Давлат тест маркази директори Мажид Каримов жавоб берди.

Тест синовларининг ўз тартиблари бор, масалан халқаро тажриба халқаро талаблар. Тест мақсади ҳам умуман олганда тест бу билимни баҳолашнинг энг такоммилаштган тизими эмас. Тест катта сиғимдаги абитуриентларни танловни ўтказиш мақсадида яъни саралаш мақсадида ўтказиладиган баҳолашнинг бир тури.

Бу турнинг ҳам талаблари бор, ҳар битта вариантга тайёрланган савол фаннинг ҳамма бўлимларини қамраб олиши керак. Қамраб олганда ҳам ҳақиқатда танлов бўлгандан кейин мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, энг кучлиларни саралаб олишимиз керак бўлади. Ҳаммага содда қилиб қўйилса, содда тестнинг баллари бир ҳил бўлса, унда ҳаммада балл бир текис бўлиб қолади. Биз танлов ўтказаяпмиз. Бу йилги пандемия шароитидан келиб чиқиб, соддалаштирилди.

Шароит шуни тақазо этади. Чунки 3 ойдан кўп вақтда талабалар ўқишмади, масофадан ўқишди. Масофавий ўқиш бу тўлиқ сифатни таъминлаб бера олмайди. Лекин ҳаракат қилинади, аммо тўлиқ ўқитувчи билан бўлган мулоқот, бундан ташқари, ОТМларга кирувчи ўқувчилар бўш вақтида бориб репетиторлардан ёки махсус тайёрлов курсларида қатнашарди. Лекин минг афсуски, бу ҳам карантинда тўхтатилди. Шуларни эътиборга олиб, Президент топшириғини бажардик ва бу йилги тест синовлари соддалаштирилди.