Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон билан қўшни мамлакат чегарасида нон ва сувсиз қолган ўзбекистонлик фуқаро акс этган видео тарқалди. Ушбу видео айни вақтда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Видеода ўзбекистонлик фуқаронинг юк машинаси ҳайдовчисидан сув ва нон олиб, номаълум томонга югуриб кетаётганини кўриш мумкин. Бу фуқаронинг узоқ кундан бери оч-наҳор қолиб кетганидан дарак беради.

 

Маълумки, сўнгги кунларда бундай видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Ўзбекистон ҳукумати Ватанга иложи борича барча фуқароларини қайтариш ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Россиянинг Самара ва Оренбург вилоятларидан Ўзбекистон фуқаролари темир йўли орқали ватанга қайтарилди. Таъкидланишича, 16 июль куни Тошкент томон учта йўловчи поезд йўлга чиққан. Фуқароларни рус-қозоқ чегарасидан олиб кетиш томонлар келишувига биноан амалга оширилмоқда.

Иккита йўловчи поезд 1404 нафар йўловчи билан Кинель (Самара вилояти) бекатидан ва яна бири 702 нафар йўловчи билан Бузулук (Оренбург) бекатидан йўлга чиққан.

Ҳар бир поездга Ўзбекистон Миллий гвардияси, ИИВ ва ССВ ходимлари ҳамроҳлик қилмоқда. Ушбу рейс йўловчилари дарҳол Наманган ва Тошкент вилоятидаги карантин марказларига жўнатилади

Вазирлик Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида жорий этилган мамлакатга киришга оид чеклов ўз кучида қолаётгани ва бекор қилинмаганини эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали ватанга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарга ишонгиб, рус-қозоқ чегарасида тўпланиб қолган эди. Элчихона Россия ҳудудидаги ватандошлардан турли ёлғон хабарлар ва миш-мишларга ишонмаслик, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегара пунктларига боришга уринмаслик, ҳозирги яшаш жойларида қолиб, карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраган эди. Коронавирус инфекцияси пандемияси тарқалаётган бир пайтда фуқалорнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади.