Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида ёш келинчак эри хиёнат қилганидан хабар топиб, уни туман марказидаги кўп қаватли уйга излаб боргани, у ерда эса ҳомиладор аёлни ижара уйда фоҳишахона ташкил қилган аёл калтаклагани ҳақидаги видеохабар тарқалди. Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси воқеа аслида бошқача бўлганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, видеотасвирдаги воқеа 2020 йилнинг 1 август куни соат 11:20 да Булоқбоши тумани «Мирзакалон Исмоилий» маҳалласида содир бўлган.

Вилоят ИИБнинг ёзишича, терговга қадар текширув ишлари давомида Булоқбоши тумани «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи фуқаро Д.М. турмуш ўртоғи Ш.М. билан Tico машинасида оёғини шифокорга боғлатиш мақсадида манзилига борганида шу кўчада яшовчи вояга етмаган фуқаро М.Х. унинг машинасига туртилиб кетган.

Бундан жаҳли чиққан ҳайдовчи болани уятли сўзлар билан ҳақоратлаган. Орадан бироз вақт ўтгандан кейин боладан кечирим сўраш мақсадида унинг яшаш уйига борган. Шунда боланинг онаси М.Ғ. ҳайдовчи ва унинг турмуш ўртоғини уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, урган.

“Бўлиб ўтган ҳолатдан сўнг аёл шу куннинг ўзида ҳайдовчи ва унинг турмуш ўртоғидан кечирим сўраган. Ушбу ҳолат юзасидан 2020 йилнинг 9 августига қадар Булоқбоши тумани ички ишлар бўлимига ҳеч қандай ариза ва шикоятлар келиб тушмаган”, дейилади вилоят ИИБ тарқатган хабарда.

Қўшимча қилинишича, Булоқбоши ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув ишларида ушбу видеотасвир туманнинг «Мирзакалон Исмоилий» маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Э. томонидан интернетга жойланиб, нотўғри изоҳлангани маълум бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.