Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов бугунги кунда Олий ўқув юртлари контракт миқдорини ўзгартирмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у Олий таълим муассасаларида 2020/2021-ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида айтган.

Олий ўқув юртлари бу йили контракт миқдорини ўзгартирмайди. Камайтирмайдиям, кўпайтирмайдиям. Камайтирмаслигининг сабаби, ўзи ҳозирги харажат 9 миллион сўмдан сал ошиқ бўлса, бизда 80% талабалар тўлайдиган контракт 6 миллион 400 минг сўм, яъни ўзи “минусда”. Камайтириш мумкинми? Мумкин. Лекин уни қоплаш керак.Камайтириш эмас, балки қоплаш, ниманинг ҳисобидан қоплаш ҳақида гапириш керак.

Талабаларнинг контракт билан боғлиқ саволларини олий ўқув юртларининг ҳар бири ўзининг молиявий тузилишидан келиб чиқиб кўриб чиқади. Олий ўқув юртлари ўзининг талабалари, молиявий ҳолати, тўпланмалари бор. Ҳамма масалалар манзилли кўриб чиқилади, йўқ, сиз билан гаплашмаймиз, деган нарса бўлмайди, ҳамма талабалар билан керак бўлса ректор даражасида, вазирлик даражасида гаплашилади.

Вазир, шунингдек, пандемия сабабли оғир шароитда қолган талабаларнинг контракт тўлаш масаласига ҳам изоҳ бериб ўтган.

“Биз тушунамиз, талабалар ҳар хил шароитда. Саволлар мавҳум шаклда қўйилмаса, қайси олий ўқув юрти ҳақида гап кетаётганини билиш керак. Ўқув юртларида ҳар хил нархлар. Биз манзилли гаплашамиз, Edu.uz сайтимизда, олий ўқув юртлари, уларнинг ректорлари Telegram каналларида манзилли савол берилса, қайси факультет, қайси йўналиш, нарх-наво, ким мурожаат қилаётгани аниқ айтилса, масала кўрилади.

Ҳамма ҳам контракт ҳам тўламайдиган даражада эмас, шунинг учун ҳаммага бир хил ечим қилиб бўлмайди. Агар талабанинг вазияти оғир бўлса, талабанинг қурби тўлашга етмаса, олий ўқув юрти вазиятни ўрганиб чиқиб, шу талабага ёрдам бериб, контрактни қоплаш чораси кўрилади. Талаба эндиликда контрактни тўлай олмаса, у четлатилмайди, балки курсдан-курсга қолдирилиши масаласи кўриб чиқилади. Бунда ОТМ томонидан вазият тўлиқ ўрганилгач, қарор қабул қилинади”, дейди вазир.

Айни масала ҳар бир олий ўқув юртида масъул вакиллар томонидан алоҳида-алоҳида кўриб чиқилиши, зарур бўлганда ёрдам бериш масаласида хулоса қилиниши билдирилди.