Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинлашиб келаётган қурувчилар байрами билан соха ходимларини табриклади.

Муҳтарам дўстлар! Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш соҳасини тубдан такомиллаштириш мақсадида унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётгани сизларга яхши маълум.

Хусусан, ўтган уч йил давомида ушбу соҳани тартибга солувчи жами 33 та қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 6 та қонун ҳужжатлари ҳаётга татбиқ қилингани бу борада бошлаган ислоҳотларимизнинг кўлами нақадар кенглигини кўрсатиб турибди.

Қурилиш ишларида дунёнинг ривожланган давлатлари стандартларига мос бўлган янги инновацион технология ва ечимларни қўллашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Бу йўналишда ахборот-коммуникация технологиялари самарали жорий этилиб, “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими ишга туширилгани соҳада коррупциянинг, қоғозбозликнинг олдини олиш, иш вақтини тежашга хизмат қилади.

Замонавий қурилиш соҳаси ривожини катта билим ва тажрибага эга, етук кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу мақсадда айни пайтда Тошкент архитектура-қурилиш ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтларида 22 та бакалавриат таълим йўналиши ва 23 та магистратура мутахассисликлари бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда.

Қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш ва қурилиш ишлари сифатини оширишга қаратилган ишлар ҳам жадал давом эттирилмоқда. Жумладан, қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини баҳолаш рейтинги жорий этилди. Қурилиш соҳаси билан боғлиқ барча асосий маълумотларнинг ягона электрон базаси шакллантирилаётгани ҳам бу борада сифат даражасининг яхшиланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Шу билан бирга, қурилиш индустриясини, қурилиш моллари саноатини янада ривожлантириш, шаҳарсозлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини замонавий юксак мезонлар асосида такомиллаштириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, соҳа ходимларининг машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб рағбатлантириш масаласи бундан буён ҳам давлатимизнинг доимий диққат марказида бўлади.

Азиз ва муҳтарам қурувчилар!

Барчангизни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклар эканман, эзгу фаолиятингиз ва шахсий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман. Хонадонларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ёр бўлсин! Қўлингиз асло дард кўрмасин, ҳамиша соғ-саломат бўлинг!

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти