Effect.uz ахборот агентлиги ходимлари Акмал Эшонхонов ва Рухсора Баҳромзода Тошкент вирусология илмий текшириш институти клиникасидан махсус репортаж тайёрлагани ҳақида хабар берган эдик.

Даҳшатли коронавирус: “вирусология” “реанимация”сидан махсус репортаж (1-қисм)

Репортажда Effect.uz’га Вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова ҳамроҳлик қилди.

Маълумки, расман 15 мартдан Ўзбекистонда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолати аниқланди. Коронавирус ташхиси қўйилган илк бемор аёл киши бўлиб, у 11 март куни “Париж-Тошкент” рейсида учган. Айнан шу бемор тиббиёт ходими бўлиб, у Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволаниб чиққан. Яъни илк беморни даволаш ишларида Муҳайё Асилова бевосита иштирок этган.

“Беморларнинг кўзида шунчалик катта умид бўладики, улар “илтимос” мени қутқаринг дея қўлимдан ушлаб олишади. Қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз, ҳаммасини, лекин биз Худо эмасмиз. Вирус юқтириш оқибатида ўпка жуда ёмон даражага келиб қоладики, ўпкада чандиқлар пайдо бўлади, уларни оча олмаймиз. Демак, очилмагандан кейин бу дегани тамом! Айнан ёшлар бизни шифохонага кўпроқ мурожаат қилишмоқда, 35-38 ва 55 ёшгача, айниқса кўп. Қари ёшдагилар эса ҳайрият-ки кам бизда”, дейди клиника бош шифокори.

Клинаканинг ҳовлисида суҳбат қурар эканмиз, бош шифокор Муҳайё опа бу ерга асосан чартер рейсда учиб келиб, коронавирусга тести мусбат чиққан фуқаролар олиб келиниши ҳақида сўзлаб берди.

“Май-июнь ойида Санкт-Петербургдан кўплаб фуқароларимизни қайтардик. Айнан шу потокда коронавирус юқтириб олган беморлар кўп кузатилди. Айтадиган бўлсам, ҳозирги вақтда вирусга ишонмаслик, ёки уни тан олмаслик мумкин эмас. Одамларни қўрқитмоқчи эмасман, аммо 30 йилдан ортиқ ишлаб, ҳаётимда биринчи марта бундай вазиятга гувоҳ бўлдим. Илк марта ўлимни бунчалик ўтиши, кўз олдингизда навқирон (35-40-50) ёшдаги йигитларни вафот этиши жуда ачинарли. Ҳаракат қилиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қола олмасак, бу энг аламли ҳолат бўлади биз учун. Жуда алам қилади. Шунча меҳнат, шунча ҳаракатнинг натижаси ўлим билан якунлангани…”, дея афсус билдиради Муҳайё Асилова.

Effect.uz лавҳасидаги шифокор бу клиникада 15 мартдан бошлаб, коронавирусга қарши курашиш билан банд. Деярли 6 ой давомида қанчадан-қанча беморлар тузалиб, ҳаётга қайтди, баъзан бунинг акси кузатилди. Шифокорнинг айтишича, ҳозирда иккинчи тўлқин ҳақида гапиришга эрта, ҳақиқий фронт энди бошланмоқда.

“15 мартдан бери шу фронтдамиз, бошимиздан қийинчиликлар ўтиб кетди, аммо ҳақиқий фронт мана энди бошланди. Вирус бўйича бир хулосага келиш учун вақт керак бўлади. 3-4-5 йил? Аниқ билиш қийин. Ўзбекистонда мартда бўлса, Хитойда январда аниқланди. Вирус ҳақида олдиндан башорат қилиш осон эмас”, дейди Асилова.

Бунгача клиниканинг “реанимация” бўлимида фақат 8 бемор учун койка мавжуд бўлган, бироқ ҳозирда бу 16 тага кўпайтирилди. Лекин ҳозирда 22 бемор “реанимация” бўлимида қоляпти. Муҳайё Асилова шу куни бизни “реанимация”га таклиф қилди ва бу учун махсус кийимлар кийишга мажбур бўлдик. Албатта, даҳшатли вирус ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Ҳатто, бой ва мансабдорларни ҳам…

 

Жадал қабул қилиш бўлимида шу вақтгача 12 та койка мавжуд эди, аммо ҳомийлар шарофатига бу 32 тага кўпайтирилган. Ушбу бўлимда ҳам қўшимча кислород “точка”лари ўрнатилган. Қўшимча койкалар ҳисобига бўлимда 80-85 бемор даволаниши мумкин.

Жонлантириш бўлимига киришимиз билан, 88 ёшли бемор жой етишмовчилиги ҳисобига коридорга жойлаштирилганига кўзимиз тушди. Унинг сатурацияси олиб келинганда 40 дан паст эди, тезкор муолажаалар натижасида қарийб 90 ёшни қоралаган отахоннинг нафас олиши яхшиланди. Бундан ташқари, “номинг ўчсин” бўлимида 20 нафардан ортиқ бемор касаллик билан курашмоқда. Уларнинг аҳволи ўта оғир ва айримлари жон сарак бўлса, айримлари тузалиб ҳаётга қайтиш илинжида.

Репортажнинг кейинги қисмларида айнан шундай беморлар билан уюштирилган интервью ва ўта тасирли ҳолатларни кўриш мумкин. Махсус репортаж ҳафта давомида ҳар куни эътиборингизга ҳавола қилиб борилади. Яъни ҳар куни клиникадаги турли ҳолатларни ҳеч қаерда кўрсатилмаган лавҳалар орқали кўриб боришни тавсия қиламиз!