Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловнинг вафот этгани тўғрисидаги хабар рад этилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида вилоятда 7 август куни журналист ва блогерлар учун матбуот брифинги ташкил этилди.

Бундай шов-шувлар ўринсиз. Ҳозирда вилоят раҳбари Карим Камоловнинг аҳволи яхши. Хавотирга ўрин йўқ. У яқин кунларда тўлиқ тузалиб, ўз фаолиятини давом эттиради, деди ҳокими ўринбосари Фарҳод Умаров.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда коронавирус тасдиқлангани сабабли Тошкентдаги шифохонада даволанишни бошлаган эди. Бироз ўтиб, ҳокимнинг пойтахтда даволаниши «Нега Карим Камолов вилоятда эмас, пойтахт шифохонасида даволаняпти, бу ҳолат вилоятдаги шифокор-мутахассисларга ишончсизлик эмасми?», деган саволни ўртага ташлади.

Бухоро ҳокимлиги ахборот хизмати эса амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги тиббиёт бош бошқармаси рўйхатида туриб, зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида эканини эслатди.

“Шунга мувофиқ ушбу тиббиёт бош бошқармасининг талабига кўра, Карим Камолов 29 июль куни даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилди. Вилоят ҳокими ўтган 3 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда. Ҳозирда Карим Камоловнинг аҳволи яхши. У яқин кунларда тўлиқ тузалиб, ўз фаолиятини давом эттиради”, дея хабар қилган эди ҳокимликнинг матбуот хизмати.

Карим Камоловдан бошқа Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам коронавирусга чалингани тасдиқланган (Сурхондарё ҳокими ҳам Тошкентда даволанмоқда). 31 июлда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этган, 30 июлда унинг аҳволи оғир деб баҳоланган ва сунъий нафас олиш аппаратига улангани айтилганди. Президент Шавкат Мирзиёев 31 июль куни Ерниязовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик йўллаган.

Навоий вилояти ҳокимлиги 31 июль куни вилоят раҳбари Қобул Турсунов сўнгги тўрт кундан бери Тошкентда даволанишда экани ҳақида хабар берган, бироқ унинг айнан қайси касалликдан даволанаётганига аниқлик киритмаганди. Кейинчалик Турсуновнинг коронавирусга чалингани ва Тошкент шаҳрида даволанаётгани маълум қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков ҳам коронавирус инфекциясидан даволанаётгани ҳақида хабар берилган. 29 июль куни Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этгани маълум бўлган эди.