Республика махсус комиссиясининг қарори билан 4—5 август кунлари Тошкент—Бузулук—Тошкент ва Тошкент—Кинель—Тошкент йўналишларида Россиянинг Оренбург ва Самара вилоятларига Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун иккита поезд юборилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули ташкилий ва бошқа масалаларни ҳал қилиш учун ўзбекистонликлар тўпланган жойда бўлиб турибди.

6 август куни Оренбург вилоятининг «Бузулук» станциясидан 920 нафар ватандош билан биринчи поезд Ўзбекистонга жўнаб кетди. Иккинчи поезд 7 август куни Самара вилоятининг «Кинель» станциясидан 930 нафар ўзбекистонлик билан жўнайди. «Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган жами 1850 нафар Ўзбекистон фуқаролари юртимизга қайтарилади», дейилади ТИВ ахборотида.

Қайд этишларича, 7 август ҳолатига кўра Оренбург ва Самара вилоятларида Россия—Қозоғистон давлатлараро чегараси яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти. «Ватанимизга қайтиб келганидан сўнг Ўзбекистон фуқаролари Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда карантинда бўлишлари шартлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.

Айни вақтда, ТИВ коронавирус инфекцияси тарқалаётган бир пайтда «кўп сонли фуқароларимизнинг бир жойда тўпланиши уларнинг COVID-19 билан касалланиш эҳтимолини кескин ошириши» мумкинлигидан огоҳлантирган. «Ватандошларимиздан Россия—Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига бормасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин талабларига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраймиз», — деб мурожаат қилган ТИВ.