Effect.uz ахборот агентлиги ходимлари Акмал Эшонхонов ва Рухсора Баҳромзода Тошкент вирусология илмий текшириш институти клиникасидан махсус репортаж тайёрлади.

Маълум бўлишича, бу клиникадан 15 мартдан бошлаб, 2 мингга яқин бемор тузалиб чиққан. 40 га яқин бемор афсуски вафот этган, ҳозирда 200 нафарга яқин беморлар даволанмоқда. 20 га яқин беморнинг аҳволи ўта оғир, жадаллаштириш бўлимида эса 100 дан ортиқ беморлар тузалиб, ҳаётга қайтиш учун курашмоқда.

Вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова бизга ҳамроҳлик қилиб, 70-80 нафар бемор ҳақида тўлиқ маълумот берди. Беморларнинг ўзлари ҳам чиқиш қилиб, бу ерда яратилган шароитлар ва ўз аҳволлари ҳақида маълумот беришди.

РЕПОРТАЖНИНГ ҚОЛГАН ҚИСМЛАРИНИ YOUTUBE КАНАЛИМИЗДА ТОМОША ҚИЛИНГ

“Очиғи, бу репортажни тайёрлашдан мақсад шу эдики: орамизда айрим кимсалар Ўзбекистонда умуман жаҳонда бу вирус йўқ дея хулоса қилишади, афсуски вирус бор ва мавжуд. Уни қачон, қандай юқиши кимга юқиши ҳақида ҳеч қандай хулосалар йўқ. Бу касаллик олдида баъзи вақтда тиббиёт ожиз ва бунга қарши курашишда бирлашиш шарт!”, дейилади Effect.uz иқрорида.

Махсус репортаж 7 кун давомида ҳар куни эътиборингизга ҳавола қилиб борилади. Яъни ҳар куни турли ҳолатларни кўриб бориш имкониятига эга бўласиз.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусдан зарарланган илк бемор қайд этилганди. 6 август ҳолатига кўра мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари 28315 тага етган, беморларнинг 19291 нафари соғайган ва 173 нафари вафот этган. Ҳозирда 8849 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 799 нафари оғир, 228 нафари эса ўта оғир аҳволда.