Самарқанд аэропортининг реконструкцияси учун 62 миллион АҚШ доллари ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон 24 телеканали информацион дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, реконструкция ишлари якунланганидан сўнг аэропорт ўз ўтказиш қобилиятини соатига 600 дан 1200 йўловчига ошириши мумкин. 22 та ҳаво кема учун тўхташ ва учиш-қўниш йўлаги қурилиши ҳам якунланмоқда.

Аэропорт ташқи кўриниши ноодатий тарзда қад ростлаши ва шаҳарнинг яна бир ташриф қоғози бўлиши мўлжалланган. Унга кўра, аэропорт китоб шаклида бўлади ва устки қисмида юлдузларнинг жойлашуви акс этади.

Лойиҳани Туркиянинг Kiklop ва маҳаллий Primetime Group​ амалга оширишади. Пудратчи вазифасини эса Enter Engineering компанияси бажаради.

“Ҳозирги кунда объектда 245 нафар қурувчи барча санитария-гигиена талабларига амал қилган ҳолда ишламоқда. Иш жадвалга мувофиқ ривожланмоқда. Бугунги кунга келиб пойдеворни 100 фоиз тугатдик. Объект топширилгандан кейин халқаро аэропорт йилига 1,4 миллион йўловчини қабул қила олади, бу эса Самарқандда туризмни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади”, ― деди терминал қурилиши директори Баҳром Усмонов.

Аэропортни 2021 йилгача фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Самарқанд аэропорти реконструкция ишлари тугагандан сўнг «Очиқ осмон» режими йўлга қўйилади, дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг барча ҳудудий аэропортларида 2020 йилнинг 1 августидан «Очиқ осмон» режими жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди