Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 июлда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлар хуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, мамлакатда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш учун замин яратади. Бу ҳақда Бўстонлиқ туман маъмурий судининг раиси С.Матниязов Effect.uz ахборот агентлигига маълум қилди.

Бўстонлиқ туман маъмурий суди раиси С.Х.Матниязов

Маълумки, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ва судлар ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Устувор масалалар юзасидан ўтган 3 йил мобайнида йигирмадан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди, бу борада амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги боскичга кўтарилди.

Ўзбекистон Президентининг 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ сохасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафлар тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 июлда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармон қабул қилди.

Фаромонга кўра, белгиланётган вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алохида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Корақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларининг ташкил этилиши илғор хорижий давлатлар тажрибаси ва халқаро стандартларга асосланган бўлиб, суд тизимини ҳалққа янада яқинлаштиради, одамларнинг ҳуқуқий муаммолари битта судда ҳал бўлишига имкон яратади ҳамда суд тизими бошқаруви самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Маъмурий суд тизими ислоҳ этилиб, вилоят марказларида туманлараро судларнинг ташкил этилиши бундай судлар судьялари мустақиллигини янада мустахкамлаш, фуқаролар ва давлат органлари ўртасида маъмурий-худудий муносабатлар юзасидан келиб чиқадиган низоларнинг холисона ва адолатли ҳал этилишига мустаҳкам кафолат яратади.

Давлат раҳбари томонидан олға сурилган “бир суд – бир инстанция” тамойили амалга оширилиб, биринчи инстанция судлари қарорлари апелляция тартибида қайта кўриб чиқилиши, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларининг Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш тартиби жорий этилиши суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг мукаммал тизимини яратиш имконини беради. Бунда суд қарорлари қабул қилиниши билан унинг ижро қилиниши ўртасидаги муддатлар сезиларли даражада қисқаради ҳамда ривожланган давлатларда мавжуд бўлган ҳуқуқий аниқлик принципи амал қила бошлайди.

Фармон билан яна бир қанча вазифалар белгиланган бўлиб,  ушбу  қўйилган вазифаларнинг амалга оширилиши, пировард натижада, суд тизими ва судлов ишларини юритиш тартиб-тамойилларини такомиллаштириш билан бир қаторда одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, мамлакатда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш учун замин яратади.

Бўстонлиқ туман маъмурий судининг раиси С.Х.Матниязов