Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан UzAutoMotors АЖда автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши борасида ўтказилган текширув натижасида қонун бузилиши аломатлари аниқланди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар берди.

Унинг маълум қилишича, “Рақобат тўғрисида”ги қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, шу жумладан, ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан ўтказилган текширув натижасида қўзғатилган иш UzAutoMotors АЖ вакиллари иштирокида видеоконференс режимида кўриб чиқилган.

Текшириш жараёнида бир неча қонун бузилиши аломатлари аниқланган. Хусусан, UzAutoMotors АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг амалдаги нархларини шакллантиришда айрим харажатларни ошириб киритганлиги сабабли монопол юқори нарх қўлланилиши аломатлари аниқланган.

Депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, бунда:

Биринчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда нормаланадиган харажатларни, яъни бутловчи қисм ва материаллар нархини ошириб киритиш;

Иккинчидан, АЖ томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда ўтган йилнинг 9-ойлик ҳисобот кўрсаткичлари инобатга олиш оқибатида нормаланмайдиган харажатларнинг ошиши;

Учинчидан, АЖ томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда реклама харажати ва бошқа харажатлар асоссиз киритилишининг нархга таъсири;

Тўртинчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда кредитга боғлиқ харажатларнинг нотўғри киритилиши каби омиллар нарх юқори шаклланишига сабаб бўлган.

Шунингдек, енгил автомобилларни истеъмолчиларга реализация қилишда айрим дилерларга бошқаларига нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёз ва енгилликларни бериш, янги ташкил этилаётган дилерлар билан шартнома тузишда шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни қўйиш каби ҳолатларни содир этиш аломатлари аниқланган. Бу қисқа муддатда сотилган автомобилларнинг аксарият қисми кам сонли айрим дилерлар орқали сотилишига сабаб бўлган.

Бундан ташқари, UzAuto Motors АЖ янги ташкил этилаётган дилерлик марказлари билан тузиладиган дилерлик шартномасига 10 миллиард сўм миқдорида олдиндан тўлов ўтказиш шартини киритган бўлиб, бироқ шу кунга қадар амалда ишлаб турган дилерлик марказлари билан тузилган шартномаларда бундай шартлар мавжуд эмас. Бу ўз ўрнида янги иштирокчиларнинг бозорга кириб келишида сунъий тўсиқ пайдо қилган.

“Яна бир қизиқ ҳолат шундаки, махсус акцияга тушган автомобилларни муддатли тўлов асосида сотишни UzAuto Motors АЖ ўзи таъсисчилигидаги ‘Автосаноат Инвест’ МЧЖ орқали амалга ошириш тизимини шакллантирган. Бунда бошқа дилерлар тўғридан-тўғри бу ишни амалга ошира олишмай, сунъий тўсиқ қўйилган.

Бу ҳолатлар атрофлича муҳокама этилди. UzAuto Motors АЖ бу важларни тан олмай, қўшимча ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, иш мазмунига тааллуқли материалларни тақдим этишини билдириб ўтди. Шу сабабли ишни кўришни яқин кунларда давом эттиришга қарор қилинди”, деб ёзади депутат.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 9 март куни ўзи ишлаб чиқараётган (йиғаётган) енгил автомобиллар нархини модель ва модификацияга қараб 3 фоиздан 21 фоизгача оширган эди. Нархларнинг бу қадар кескин ошиши халқ орасида кескин норозиликларни келтириб чиқарган.

Ҳатто Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси UzAutoMotors’нинг автомашиналар нархини оширганини кескин қоралаб чиққан. Шавкат Мирзиёев ҳам автомобиллар нархи оширилганини танқид қилиб, аввало халқнинг сотиб олувчанлик қобилиятини мустаҳкамлаш кераклигини таъкидлаганди.

Аввалроқ Кушербаев UzAuto Motors’нинг тез ёрдам хизмати учун Damas’ларни ҳам оширилган нархда сотаётганини танқид қилган, “Ўзавтосаноат” унинг танқидига жавоб қайтарган, депутат эса “сиз барибир монопол ва номард иштирокчи сифатида қолаверасиз”, деб жавоб берганди.