Ливан пойтахти Байрутда содир бўлган кучли портлаш қурбонлари сони 78 нафарга етди. Бу ҳақда Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилган.

Қурбонлар сони янада кўпайиши кутиляпти: кўплаб инсонлар бедарак йўқолган, харобалар остидан жонсиз таналар топилмоқда.

Кучли портлаш 4 август куни Байрут портида содир бўлганди. Шаҳарнинг тенг ярми харобага айланган, касалхоналар жароҳатланганлар билан тўлиб кетган.

Ливан бош вазири Ҳасан Диаб портлашга портда кўп йиллар мобайнида сақлаб келинган 2750 тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини маълум қилган.

Ливанда фожиа муносабати билан икки кунлик мотам эълон қилинди. Президент Мишел Аун мамлакатда икки ҳафталик фавқулодда вазиятни кучга киритди.