Ўзбекистонда пандемия шароити мураккаб кечаётгани, карантин чекловлари бекор қилинмаётгани, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш муддатлари тест топширувчилар саломатлигига зарар етмайдиган вазият келгунга қадар кейинга сурилмоқда ва бу ҳақда жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилмоқда, дея маълумот тарқатмоқда Давлат тест марказининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида.

Кейинги кунларда турли интернет нашрларида кириш имтиҳонлари усти очиқ катта майдонларда, эрталаб ва кечки сменада ўтказилиши, шунингдек, аниқ саналар белгилангани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

Бу борада расман шуни маълуми қиламизки, айни кунларда Давлат тест маркази томонидан жараёнларни, энг аввало, тест топширувчилар саломатлиги хавфсизлигини таъминлаган ҳолда ташкил этиш борасида турли вариантлар ўрганиб чиқилмоқда.

Қайд этиш керакки, ушбу ҳаракатлар ҳали ўрганиш босқичида бўлгани сабабли, ҳозирдан «шундай бўлади» қабилида хабарлар тарқатиш абитуриентларни чалғитиши, тестга тайёргарлик жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шуларни ҳисобга олиб, Давлат комиссияси кўрсатмаси асосида соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан биргаликда, жорий йил қабул тест синовларини ўтказиш учун мақбул ва хавфсиз жойлар танланиб, аниқ саналар белгилангач, Давлат тест маркази томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ишончли хабар берилади.

Бунга қадар абитуриентлардан турли хабарларга эътибор қилмасдан вақтдан унумли фойдаланишларини, тест синовига пухта тайёргарлик кўришни давом эттиришларини сўраб қоламиз, дейилади ДТМ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда айни пайтда тест қачон ўтиши ҳақида ишончсиз хабарлар тарқалмоқда.