Тошкент вилояти маъмурий суди раиси Муроджон Абабакировнинг Ўзбекистонда Одил судловни таъминлаш учун олиб борилаётган янги ислоҳотлар ҳақида мақоласи эълон қилинди.

Муроджон Абабакиров

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш, судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича сўнгги уч йил ичида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Бинобарин, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этади.

Ўзбекистоннинг ўрни тегишли халқаро рейтингларда пастлигича қолаётганлиги, жумладан, ҳозирги кунда «Қонун устуворлиги» индекси бўйича – 92 ўринда, шундан «Фуқаролик одил судлов» индикатори – 72, «Жиноий одил судлов» – 66 ўринда эканлиги суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш лозимлигидан далолат беради.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини ошириш мақсадида 2020 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг амалдаги тузилмаси амалиётда ягона суд амалиётини шакллантиришга тўсқинлик қилиши, судларнинг тарқоқ бўлганлиги сабабли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлиши, судлар аппаратларидаги ёрдамчи ходимларга ҳақ тўлаш ҳамда моддий-техник жиҳатдан таъминлаш учун бюджет маблағларини ортиқча сарфланишига олиб келиши, ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг алоҳида фаолият юритиши илғор хорижий амалиётга жавоб бермаслиги сабабли, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш назарда тутилган.

Бу каби тажрибани Францийа, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларус ва бошқа ривожланган давлатларнинг суд тизимида кўриш мумкин. Туман миқёсида маъмурий судлар, шу туман ҳудудидаги маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил фаолият юритишида қийинчиликларга дуч келганлиги ҳамда оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга ўз табиатига кўра жиноят ишларига ўхшаган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш юклатилганлиги сабабли, фармон билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш ҳамда маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг мустақил суд сифатида сақлаб қолиниши эса БМТ ривожланиш дастури, Германия ривожланиш соҳасида ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ва Нагоя университети экспертлари томонидан ижобий баҳоланди.

Бундан ташқари, суд тизимига 2021 йил 1 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилмоқда.

Суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлаш, судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш ҳамда бир суднинг ўзида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар, шу суднинг ўзида кейинги инстанция сифатида кўрилиши амалиётига барҳам бериш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда.

Жумладан, прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.

Қонунчиликда прокурор судда айбловдан воз кечган тақдирда судья қандай қарор қабул қилиши кераклиги белгиланмаганлиги, охирги 3 йил давомида прокурор томонидан бирон маротаба ҳам айбловдан воз кечилмаганлиги, прокурор томонидан суддан ишни ўз ташаббуси билан чақириб олиниши тарафларнинг тенглиги тамойили бузилишига ва турли суиистеъмолликларга олиб келиши мумкинлиги, прокурор иштироки шарт бўлмаган фуқаролар ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар кўрилишида танлов асосида қатнашиб (прокурорнинг фақатгина 11 та тоифадаги иқтисодий ва 10 та тоифадаги фуқаролик ишларини судда кўриб чиқилишида иштирок этиши мажбурийлиги белгиланган), тарафлар ёки судга босим ўтказиши мумкинлиги сақланиб қолганлиги ҳозирда суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилмоқда.

Жорий этилаётган тартиб, прокуратура ва суд орасидаги ҳуқуқий-процессуал муносабатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ҳамда жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, Фармонда баъзи иқтисодий судларни тугатиш, бир нечта фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларни ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш, жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш, Олий суд тузилмасида йирик инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузиш, «Судлар тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш каби бир қанча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтиришга, суд ҳокимиятининг янада мустақиллигини таъминлаш ҳамда аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини ортишига хизмат қилади.

Муроджон Абабакиров

Тошкент вилояти маъмурий суди раиси