Коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларига қўшимча тўловларнинг янги миқдори белгиланди

Ўзбекистон Республикаси​ ҳукуматнинг тегишли қарорига (№461, 04.08.2020й) кўра, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга ихтисослашган махсус поликлиникалар (“COVID марказ”) ходимларининг лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ўрнига қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари белгиланди:

  • врач ходимларга – 2,5 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига – 1,5 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига – 1,0 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга – 500 минг сўм.

Шунингдек, ушбу қарорга биноан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ихтисослашган тиббиёт мажмуалари негизида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус “1-сон Зангиота” ва “2-сон Зангиота” шифохоналари ташкил этилади.

Қуйидагилар:

  • “Универсал” спорт мажмуасида ташкил этилган 750 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона Ички ишлар вазирлигининг марказий госпиталига;
  • “Ўзэкспомарказ” МКК АЖ 1 ва 2-сон павильонида ташкил этилган 814 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона Мудофаа вазирлигининг марказий ҳарбий клиник госпиталига;
  • “Назарбек” соғломлаштириш масканида ташкил этилган 350 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона Миллий гвардия ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга;
  • Ёшлик спорт мажмуасида ташкил этилган 520 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона Давлат хавфсизлик хизматининг марказий ҳарбий госпиталига;
  • “Ўзэкспомарказ” МКК АЖ 3 ва 4-сон павильонида ташкил этилган 1000 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона, Сергели туманидаги 2-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган 250 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона ва Олимпия захиралари спорт саройида 500 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона Тошкент шаҳар ҳокимлигига бириктирилди.