“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Бухоро халқаро аэропорти директори, Олий Мажлиси Сенатининг собиқ аъзоси Тоҳир Баҳронов вафот этди.

Маълум бўлишича, марҳумда аввалроқ коронавирус инфекцияси аниқланган. Бироқ ССВ бу маълумотни ҳозирча тасдиқлаганича йўқ.

“Uzbekistan airports” АЖ жамоаси Бухоро халқаро аэропорти директори, собиқ сенатор Бахронов Тохир Саидовичнинг (1959-2020) вафоти муносабати билан чуқур қайғуда эканлигини, марҳумнинг яқинларига ҳамдардлигини билдиради. У Ўзбекистон аэропортлари тарихида жонкуяр ва фидоий соҳа ходими сифатида ёрқин из қолдирди. Тохир Бахроновнинг Бухоро аэропортини ривожлантиришдаги сермаҳсул меҳнатлари, катта ҳаётий тажрибаси, чин инсоний фазилатлари хотирамизда мангу сақланиб қолади.

Маълумот учун, 3 август соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 26 301 нафарни ташкил этмоқда.