Украина пойтахти Киевда банк бўлимини портлатиш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқароси Суҳроб Каримовга олигофрения касаллиги ташхиси қўйилган ва у психоневрологик рўйхатда туради. Бу ҳақда Украина ИИВ вакили Антон Герашенкога асосланиб, Korrespondent.net хабар қилмоқда.

Суҳроб Каримов 1998 йилдан буён олигофрения касаллиги ташхиси билан Ўзбекистонда психоневрологик рўйхатда турган. Ушбу касаллик ташхиси унга 10 ёшлигида қўйилган. Каримов Украинада хотиржам ҳаёт тарзида яшаган ва аввал жиноий жавобгарликка тортилмаган, дея Facebook’да пост ёзган ИИВ вакили.

Шунингдек, Герашенко банк бўлими биносида портловчи моддалар ва буюмлар топилмаганини маълум қилган.

“Энди у узоқ вақт давомида панжара ортида бўлишига тўғри келади”, дея постини якунлаган ички ишлар вазирининг ўринбосари.

Украина хавфсизлик хизмати террорчининг ушбу ҳаракатлардан кўзлаган мақсади ва шериклар бўлган ёки бўлмагани юзасидан суриштирув олиб бормоқда.

Эркак 3 август куни тахминан соат 12:00 да банк бўлимига кирган ва унинг сумкасида бомба борлигини айтган. У банкнинг барча ишчиларини қўйиб юборган, бўлим бўшлиғи ўз хоҳиши билан у ерда қолган.