Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи эркак оилавий жанжал вақтида рафиқасининг юзи ва чап қўлини лезвия билан кесгани сабабли беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, бу оила аввалдан нотинч бўлган, доимий равишда оилавий жанжаллар ва келишмовчиликлар бўлиб турган. Натижада мазкур ҳолат юзага келган.

Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 1977 йилда туғилган Қувончбек жанжал вақтида рафиқаси, 1980 йилда туғилган Дилдоранинг юзи ва чап қўлини лезвия билан кесган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, этказилган тан жароҳати ўртача оғирликда. Аёлнинг юзидаги ва қўлидаги чандиқлар кўзга яққол ташланади. Юзда қўпол деформация ва мимика бузилиши юзага келгани сабабли мазкур чандиқлар тузалмайдиган чандиқлар деб хулоса берилган.

Жиноятни содир этган эркак Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «в» банди (Ўта шафқатсизлик билан қасддан баданга оғир шикаст этказиш) билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.