Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони ўсишда давом этмоқда. Жумладан, яна бир тошкентлик бемор ушбу инфекция оқибатида вафот этган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшаган 67 ёшли Қ.Н. (эркак)да 20 июль “COVID-19” тасдиқланган ва нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Маълумот учун, ССВ ҳисоби бўйича ҳозирга қадар 146 киши инфекциядан ҳалок бўлди.