Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни Муса Ерниязов дафн қилинган Нукус шаҳридаги “Шорша баба” қабристонига бориб, марҳумнинг қабрини зиёрат қилди. Бу ерда марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Президент Муса Ерниязовнинг вафот оғир жудолик эканини таъкидлаб, шундай деди.

“Раҳматли Муса оға элни яхши кўрган, ҳалол, пок, ор-номусли инсон эди. У кишига жуда ишонардим, Қорақалпоғистондан кўнглим тўқ эди. Тили, дини, тақдири, ташвишлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оғзибирчилигини қадрларди.

Қорақалпоғистонни ривожлантириш, одамларнинг бирини икки қилиш бўйича кўп ишларни бошлаган эдик. Энди бу ишларни, режаларимизни дўстлари билан бирга албатта давом эттирамиз”, деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилиниши ҳақида шундай деди.

“Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади”, деди президент.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси – Ўзбекистон Республикаси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов 31 июль куни коронавирус оқибатларидан вафот этди.