Термизда арзон уй-жой олиб бериш эвазига пул талаб қилган маҳалла раисининг ўринбосари қўлга олинди. Бу ҳақда бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Сурхондарё вилоят бошқармалари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Термиз шаҳар «Д» (МФЙ номи ва исм-фамилиялар қисқартирилган) МФЙ раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари С.С. фуқаро Х.Ж.га Термиз шаҳар Гулистон маҳалласида қурилган 2 сотихли 2 хонали арзон ҳовли уйлардан бирини танишларининг ёрдами билан олиб бергани эвазига ундан 500 АҚШ доллари беришни талаб қилиб, шундан 3 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.