Ўзбекистонлик блогерлардан бири Фотима Жўраева давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни халқ билан онлайн мулоқот қилишга чақирди.

Хусусан, Фотима Жўраева Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари бажарилмаётганидан нолибган ва президент истаган кўрсатмалар амалга оширилмаётганини танқид қилган.

“Шавкат Миромонович, халқингиз билан онлайн мулоқотингиз вақти келди. Илтимос, халқингиз дардига қулоқ тутинг. Афсуски, кўрсатмаларингиз жойларда Сиз истагандай, сиз режа қилгандай, сиз йўналтиргандай бажарилмаяпти…”, дея ёзади Фотима Жўраева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида фармонни имзолаган эди.

Фармонга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши келтирилган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки бир марталик моддий ёрдам пулларини моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларига киритилган оилаларга 2020 йил 15 августга қадар етказилишини таъминлаш таъкидланган.

Бироқ айни вақтда ОАВга республиканинг деярли барча ҳудудларидан ушбу ишлар тўғри амалга оширмаётганидан нолиган бир нечта фуқаролар мурожаат қилишда давом этмоқда.

Президентнинг ўзи бугун, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов хотирасига бағишланган таъзия маросимларида иштирок этиб, Нукусга бориб, Тошкентга қайтиб келди.