Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов коронавирусга чалиниш оқибатида 73 ёшида вафот этди.

ЎзА сайтида бугун Нукусда таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ерниязов Муса Тажетдинович 73 ёшида вафот этгани ҳақида расман хабар берилди.​​

Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақида июль ойи бошида хабар тарқалганди. 18 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги у Нукус шаҳрида коронавирусдан даволанаётганини тасдиқлади.

25 июль куни ижтимоий тармоқларда Муса Ерниязовнинг вафоти ҳақида хабарлар тарқалган, аммо ССВ бу маълумотни рад этганди.

30 июль куни Коронавирусга қарши курашиш штаби Ерниязовнинг аҳволи оғирлиги, у ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратига улангани ҳақида маълум қилганди.

Муса Ерниязов 1947 йил 20 декабрда Кегейли туманида туғилганди. У 2002 йилдан бери Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимида ишлаб келаётганди.