Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UzAutoMotors” АЖга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги учун иш қўзғатди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда фуқаролардан ёзма ва оммавий ахборот воситалари орқали келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, “Uzautomotors” АЖда  Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, шу жумладан, ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан ваколат доирасида текшириш ўтказилди.

Текшириш натижалари бўйича жамият томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида” Қонунининг тегишли моддаси талаблари бузилиши аломатлари аниқланиб, “Uzautomotors” АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, “Uzautomotors” АЖга нисбатан қўзғатилган иш бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг натижаси бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади”, дейилади қўмита хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уч нафар депутат Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига “Uzautomotors” депутатлик сўрови юборган эди.

Жумладан сўровда шундай дейилади:

Автомобил ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи “UZAUTOMOTORS” АЖнинг жорий йил март ойида бир қатор енгил автомобиллар нархини ошириши сайловчилар ва жамоатчилик вакиллари томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мамлакатимизда рақобат муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш инвестициявий муҳитни яхшилашнинг муҳим талаби эканлигини инобатга олиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ депутатлар томонидан мазкур соҳа ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Шу муносабат билан ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳисобланган депутатлар Р.Кушербаев, Д.Ғаниев, Н.Жумаев томонидан “Парламент назорати” шаклида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Ш.Шариповга тегишли депутатлик сўрови юборилди. Сўровда Ҳукумат топшириғи доирасида “UZAUTOMOTORS” АЖ томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, шу жумладан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан олиб борилган ўрганишлар ва кўрилган чоралар ҳақида асослантирилган ахборот бериш ҳамда қўмитанинг автомобиллар нархини аҳолининг ҳарид қобилиятига мослаштириш юзасидан нуқтаи назарини баён этиш талаби қўйилган.