Ижтимоий тармоқларда коронавирус билан боғлиқ бир нечта ваҳимали видеолавҳалар тарқалмоқда. Effect.uz мухбири Бекзод Раҳмонов сўнгги кунларда интернетни портлаётган видеолар бўйича ўз фикрларини билдирди.

Бекзод Раҳмонов қуйидаги видеода кўпчиликни қизиқтираётган президент қарорлари вақтида бажариладими, олинаётган қарзлар қаерга сарфланяпти, ССВ бераётган статистика ҳаққонийми?, саволларини ўртага ташлаб, жамиятда содир бўлаётган оғриқли мавзуларни кўтарган.

 

«БEМОРЛАР ЎЛИКЛАР БИЛАН БИР ХОНАДА«

Тошкентдаги шифохоналардан биридаги оғир ҳолат акс этган видео тарқалди. Шов-шувга айланган бу видеода шифокорларнинг гапидан кимдир уларга “хоҳласангиз, бўшаб кетинг” дегани, тиббиёт ходимларидан бири “ҳамма бирга бўшаб кетиши керак”лигини айтаётганини эшитиш мумкин.

Видеодаги суҳбатдан кислород берувчи тиббиёт аппаратларига уланган беморларнинг кислороди тугаётгани, қариндошлари зарур бўлса аппаратга керакли воситаларни олиб келишни ваъда қилганини айтиб, ҳисобот беради. Видеога кўра, касалхонадаги вазият ўта оғир, беморлар, усти чойшаб билан ўраб қўйилган ва катта эҳтимол билан вафот этган одамлар билан бирга ётган.

«СИРЛИ ДАФН МАРОСИМИ»

Шунингдек, яна бир видеода сирли дафн этиш маросими акс эттирилган. Унда махсус комбинизион кийган бир нечта номаълум ташкилот ходимлари қабрга марҳумни кўмишаётгани тасвирланган. Бу ҳолат Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида содир бўлган. Таъкидланишича, марҳум Мирзаобод тумани Тинчлик маҳалласида истиқомат қилган 1954 йилда туғилган Ў.Э. исмли аёл бўлиб, у жорий йилнинг 13 июль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам Сирдарё вилоят филиалига номаълум иситма ташхиси билан тушган.

14 июль куни кечаси юрак ишемик касаллиги гипертония касаллиги хуружи оқибатида вафот этган.Сирдарё вилояти юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, вилоят СEОМ эпидемиологлари ва бошқа таалуқли мутахассислар тавсиясига кўра, лабаратория текширувлари мавжуд бўлмасада коронавирус инфекцияси билан касалланган деган тахминий ташхис қўйилган.

Туман аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва кўпайишининг олдини олиш мақсадида вилоят мутахассислари тавсиясига кўра вафот этган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 март куни тасдиқланган «Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича вақтинчалик қоидалар тўғрисида»ги буйруғи асосида дафн қилиш ишлари амалга оширилди.

Майитни дафнга тайёрлаш ва дезинфекция ишларини ўтказиш мусулмончилик қоидалари асосида шошилинч тиббий ёрдам марказида амалга оширилди. Дафн маросимида иштирок этган марҳумнинг 10 нафар қариндошлари, СEОМ мутахассислари, маҳалла раиси ва ҳуқуқ тартибот органи вакиллари хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳимоя воситалари билан таъминландилар. Дафн маросими диний идора вакиллари иштирокида мусулмончилик қонун-қоидалари асосида 15 июль куни ўтказилган.

«ЎЛИКЛАР БИЛАН ТЎЛГАН МОРГ»

Куни кеча ижтимоий тармоқларда шифохона ўликхонаси тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Унда мурдаларни вақтинча сақлаш хонаси (эшикда шундай русча ёзув бор) ва йўлакда қора плёнкаларга ўралган, полга ётқизиб қўйилган 20-25 чоғли мурдани кўриш мумкин. Уларнинг айримлари плёнкага ўралмаган, алоҳида хонага киритилмаган ҳам.

Мазкур видеолавҳа ортидан алоҳида овозли хабар ҳам тарқалган ва унда эркак киши “Жуковский шифохонасида жуда кўпчилик COVID-19”дан ўляпти. Мана, ҳозир қайнонамнинг ҳам жони узилди. Олиб чиқяпмиз. Эҳтиёт бўлинглар”, дейди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳолат бўйича муносабатини билдириб, видеолавҳадаги ҳолат Ўзбекистонда юз бермаганлиги, бу қўшни давлатлардан биридаги ҳолат эканлигини таъкидлаган.

«Ўзбекистоннинг бирор шифохонасида, жумладан юқорида тилга олинган тиббий марказда бундай жой йўқ ва мурдалар бунақа тарзда сақланмайди», дейилади ССВ муносабатида.

«ЎҒЛИ КОРОНАВИРУСГА ЧАЛИНГАН ОНА ФАРЁДИ»

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда фарзандининг иситмаси кўтарилиб, нафас олиши қийинлашаётгани ва тез ёрдамга қўнғироқ қилсада, зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаётганидан шикоят қилган онанинг Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовга видео мурожаати ҳам тарқалди.

Видеода она 27 ёшли фарзандининг иситмаси кўтарилиб, 10 кундан бери тушмаётгани, нафас олиши қийинлашаётганини, тез ёрдамга қўнғироқ қилсада, келмагани, поликлиника ҳам ёрдам бермаганини айтган. Айни пайтда Самарқанд шаҳридан бўлган бемор А.Мусинов вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилиб, даволанмоқда.

Шунингдек, беморнинг онаси томонидан ўзига йўлланган аудиоёзувни ҳам тақдим этган. Унда аёл боласининг аҳволи оғирлашгани учун хавотир олгани, она бўлгани учун уни тўғри тушунишни сўраган.

«ТОШКEНТДА ТEЗ ЁРДАМ ХОДИМЛАРИ БИТТА «ЗАЯВКА»ГА ФАҚАТ БИР НАФАР БEМОРНИ ТEКШИРДИ»

Telegram'да Тошкент шаҳрида фуқаронинг хонадонига чақирувга келган тез ёрдам гуруҳининг биттадан ортиқ беморни кўрмаслигини айтиб одамлар билан баҳслашаётгани ҳақидаги видео тарқалган эди. Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Феруза Ҳамробоева АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда ушбу ҳолатга изоҳ берди.

«Тез ёрдам ўз номи билан тез ёрдам, битта одамга келган заявка бўйича мана шу бригадага вақт ажратилади. Бу дегани, бригада ўша беморни кўриб қайтиб станцияга кетади, дегани эмас. Унинг кетидан яна бир нечта чақирувни амалга ошириб, зориқиб кутиб турган беморлар бор. Шунинг учун ҳам тез ёрдам вакиллари битта чақирув бўйича фақат битта беморни кўриш ваколатига эга» дея ўз фикрини изоҳлаган Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси.

Бироқ мутахассис чақирувдан ташқари оиладаги бирор инсоннинг ҳолати критик бўлса, албатта, бригада тез шошилинч ёрдам кўрсатишга масъул эканлигини таъкидлаган. Шу билан биргаликда, аҳолига масалани ҳал қилиш учун тез ёрдам чақираётганда иккинчи ёки учинчи одамни ҳам ёздириб қўйиш тавсия этилди.

«ДАҲШАТЛИ ЯКУН»

Ўзбекистонда коронавирусдан биринчи ўлим 27 март куни тонгда Наманган вилоятида қайд этилди — коронавирусни қизидан юқтирган 72 ёшли онахон, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотига кўра, миокард инфаркти туфайли вафот этган. Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 27 март куни вилоят аҳолисига қилган телемурожаатида онахоннинг дафн маросимида унинг бирорта ҳам қариндоши иштирок этмаганини маълум қилди. Сабаби онахоннинг барча оила аъзолари карантинга олинган эди.

«Мана шу ҳолатнинг энг оғир, ачинарли, ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган томони ҳам бўлди. Онахоннинг бутун оиласи карантинга олинди. Вафот этган онахоннинг жанозасида, дафн маросимида бирорта ҳам оила аъзолари, бирорта ҳам яқинлари иштирок этгани йўқ. Жаноза ҳам, дафн маросими ҳам махсус санитария-эпидемиологик станцияси ходимлари, шифокорлар томонидан ўтказилиб, қабристонда дафн маросими ўтказиб келинди… Шахсан менга бу ҳолат жуда ҳам оғир ботди», деган эди вилоят ҳокими.

Шу кунгача Ўзбекистонда 90 нафарга бемор коронавирус оқибатларидан вафот этди. Уларнинг дафн маросимлари ҳам худди шу тарзда ўтказиляпти. Тасаввур қиляпсизми? Бундай даҳшатли якун бизга керакми?

«ДЎХТИР СИЗ УЧУН ХУДО»

EFFECT.UZ ходимлари 1003 рақами билан боғланганда оператор шифохоналарда жой йўқлиги ва ҳозирги вазиятда «дўхтир одамлар учун Худо» эканлигини айтиб, қўпол муомалада бўлганди.

 

ССВ вакили бу оператор жазоланиши ҳақида 14 июль кундаги брифингда таъкидлаб ўтган, бироқ ҳозирча ҳеч қандай янгилик йўқ.

Мақсад операторни жазолаш эмас, фақат масъулиятли бўлишга чақириш. ССВ вакили шунингдек, Effect.uz ходимларига касалликка ишонмаётган фуқароларга шифохоналарда даволанаётган беморларни кўрсатиш таклифини қабул қилганди. Ҳатто Effect.uz ходимларининг марҳумларни дафн этиш маросимларида иштирок этишлари ҳам кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль, чоршанба куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Тошкентда охирги 3 кунда тез ёрдамнинг вақтида етиб бормагани сабабли 43 киши турли касалликлар билан вафот этгани маълум қилинган.

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ушбу видеоселектордан сўнг «энди тез ёрдам 15 дақиқа ичида етиб боради», деб айтган, бундан буён ҳар бир фуқаро 103 га мурожаат қилганда, бандлик ҳолатлари, айниқса узоқ вақт банд бўлиш ҳолатларига мутлақо чек қўйилишини билдирган. 17 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида эса Президент коронавирусни енгиш учун ҳар ким ўзи, оиласи, фарзандларининг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзи масъул эканини чуқур англаши кераклигини таъкидлаганди.

Маълумот учун, 2017—2018 йиллар мобайнида Ўзбекистон тарихида биринчи марта тез тиббий ёрдам хизмати учун 1500 та янги ихтисослашган автомашина харид қилинган. 2020 йил январь ойида Тошкентдаги тез тиббий ёрдам хизмати учун хориждан келтирилган 150 та Ford замонавий реанимобили фойдаланишга топширилган. Вилоятларда ҳам шундай тизимни жорий қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда Isuzu D-Max пикаплари негизида тез тиббий ёрдам машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин.

Аввал Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий ускуналар ва тиббий мақсадда фойдаланиш учун Damas автомобилларини сотиб олгани хабар қилинди. Ўзбекистонда коронавирус бўйича саволларга 1003 рақами орқали жавоб берадиган Call-марказ ходими “Troll.uz”га марказдаги вазият, иш шароитлари ва келиб тушаётган мурожаатларга хизмат кўрсатиш ҳолати ҳақида гапириб бериб, иш ҳақи олмасдан ишлаётгани ва мурожаатларга хизмат кўрсатиш яхши эмаслигини айтди.

ЎЗБЕКИСТОНДА КОРОНАВИРУС

2020 йил 19 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 16752 нафарни ташкил этмоқда. 19 июль куни  566 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 110 нафари карантин муассасаларида, 456 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган. 9279 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (55 фоиз) соғайган. Ҳозирда 7386 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. 90 нафарга яқин бемор ҳалок бўлган.