Ташқи ишлар вазирлиги 13 июль, душанба куни Амур вилоятидаги Renaissance Heavy Industries компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги исёндан кейин муаммога ечим топилганини хабар қилди.

Вазирлик хабарига кўра, шу куннинг ўзида можаро тафсилотларини аниқлаш ва уни ҳал қилишда иштирок этиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида воқеа жойига элчихона бош консули Меҳриддин Хайриддинов етиб борган.

Таъкидланишича, Амур вилояти маъмурияти, прокуратура ва ички ишлар органлари, Renaissance Heavy Industries компанияси ва унинг субпудратчилари раҳбарияти ва вакиллари билан қатор музокаралар ўтказилган. Ўзбекистонликлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг норозилигига сабаб бўлган омиллар ҳақида батафсил ахборот олинган.

“Россия ва Туркия томони билан ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ муаммонинг барча учун мақбул ечими топилди ва вақтинчалик шаҳарчада тартиб-интизом тикланди. Ўзбекистон фуқаролари иш ташлашни тўхтатиб, 2020 йил 16 июлдан объектда меҳнат фаолиятини қайта бошлади.

Ҳозирги вақтда Россия тергов органлари томонидан юз берган ҳодиса юзасидан процессуал ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Текширувлар нафақат тартибсизликлар иштирокчиларига нисбатан, балки иш берувчи томонидан меҳнат қонунчилигининг бузилиши бўйича ҳам олиб борилмоқда”, дейилади ТИВ хабарида.

Қўшимча қилинишича, Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси юзага келадиган барча муаммоларни ноқонуний, зўравонлик усуллари, вайронгарчилик ва шантаж орқали эмас, балки тинч йўл билан, мулоқот ва музокаралар орқали ҳал қилиш зарурлигини таъкидлаган. Фуқароларни тартибсизликларга чорлаган барча шахслар жавобгарликка тортилиши ҳамда қонунда белгиланган тартибда жазоланишини эслатиб ўтган.

Аввал Санкт-Петербургдаги “Лахта центр” қурувчилари маошларини сўраб норозилик намойиши ўтказгани ва Ўзбекистон консули воқеа жойига етиб боргани хабар қилинганди.