Ёдингизда бўлса, аввалроқ EFFECT.UZ ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган фуқароларга коронавирус инфекцияси бўйича маслаҳат берадиган 1003 колл-маркази оператори билан суҳбатлашган эди. Суҳбатда оператор ўзи билмаган ҳолда журналистга жуда қўпол муомалада бўлади ва гўшакни қўйиб қўяди.

Шундан сўнг ушбу ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарди ва EFFECT.UZ ходими Акмал Эшонхонов айнан ушбу масала юзасидан ССВ матбуот котиби Фурқат Санаевдан АОКАда ташкил этилган брифингда изоҳ сўради.

 

Фурқат Санаевнинг айтишича, ушбу видео интернетда эълон қилингач, ССВ масъуллари томонидан текширув бошланган ва тез кунларда бу ҳолатга расмий муносабат билдирилади. ССВ вакилининг қўшимча қилишича, қўпол муомалада бўлган оператор жазоланади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, видео форматида тайёрланган бу материалда кимнидир камситиш ёки уюштириш ҳолатлариша йўл қўйилмаган. Ушбу материал Ўзбекистондаги бор ҳолатни Халқга етказиб бериш учун тайёрланган.

EFFECT.UZ бу материални 12 июль куни эълон қилди, 14 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилидан изоҳ олинди. Орадан уч кун ўтди, аммо ССВ ўз ваъдасига хиёнат қилиб, ҳеч қандай муносабат ёки расмий билдиришнома билдирганича йўқ. EFFECT.UZ бу масалада Ахборот оммавий коммуникация агентлигидан ҳам ёрдам сўраган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг нари борса 10 қатор қоралама қилиб, расмий муносабат билдириши яна неча кунга чўзилар экан? Мақсад кимнидир жазолаш эмас! ССВ бўлган ҳодисани мард бўлиб тан олиши ва унга мардонавор жавоб қайтариши керак. Воқеалар ривожини кузатиб боринг.