Ижтимоий тармоқларда Гулистон шаҳри марказига ўтиш жойида вақтинчалик ташкил этилган карантин блокпостида хизмат олиб бораётган Ички ишлар ва Миллий гвардия органи ходимлари икки қути сигарет эвазига фуқарони блокпостдан ўтиб кетишига рухсат бергани акс этган видео тарқалди. Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Маълумотларга кўра, Гулистон шаҳри марказига ўтиш жойида ташкил этилган карантин блокпостидаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари фуқаронинг стикери борлигига қарамасдан, унинг ўтиб кетиши учун икки қути сигарет талаб қилган. Сигарет олиб келиб берганидан сўнг эса ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари уни ўтказиб юборган. Эркак содир бўлган ҳолатни видеога олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилган.

“Хизмат текшируви натижасига кўра, уч нафар раҳбар ходимга нисбатан интизомий чоралар қўлланилиб, бир нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бир нафар ходим эса Ички ишлар органларидан бўшатилди”, дейилади хабарда.

Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида қонунчилик ва хизмат интизомига риоя этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, қатъий интизомий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 8 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари қайтадан кучайтирилмоқда. Шунингдек, автотранспорт ҳаракати ҳам чекланиши кўзда тутилган. Мамлакатда стикерсиз автомобиллар ҳаракатланиши мумкин бўлган вақтлар белгиланган.