Effect.uz ахборот агентлигига бир қанча фуқаролар Қашқадарё вилояти Китоб туманида МДФ эшиклари билан шуғулланувчи фуқаро Аббос Усмонов устидан шикоят хатлари келиб тушди.

Шикоятларда келтирилишича, у ўз касбининг ортидан аҳолини алдаб, пулларини олиб ўзи эса изсиз ғойиб бўлган. Унинг алдовларига ишониб қолган фуқаролар иложсиз аҳволда қолганидан сўнг Effect.uz’га мурожаат қилишга мажбур бўлишган.

Шунингдек, қуйидаги лавҳа орқали Қашқадарё вилояти Китоб тумани ички ишлар бўлимининг карантин вақтида аҳолига кўмак бериш ўрнига ўз ишларига маъсулиятсизлик билан ёндашаётганини ҳам кўриш мумкин.

 

“Сизларга мурожаат қилишимдан мақсад, тадбиркор Аббос Усмонов МДФ эшикларини ўрнатиб бераман деб мендан 300 доллардан кўпроқ пулимни олиб, бизларни 1 йилдан бери алдаб келади. Ҳар куни телефон қиламиз, телефон рақамлари ўчирилган бўлади, рақамларимизни эса блоклаб ташлаган.

Бу фуқарони топа олмаганимдан сўнг мен Китоб тумани Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилдим, аммо бизни ички ишлар бўлими тингламаяпти, муаммоимизга ечим топиб бера олмаяпти, мендан ташқари 20 дан ортиқ фуқаро келиб ариза ёзган, ҳеч ким эътибор бермаяпти. Ҳатто Ички ишлар бўлими ходимлари Аббос Усмоновнинг уй манзилини билиб туриб, биздан негадир сир сақлашяпти. Шунинг учун сизлардан илтимос, Аббос Усмоновга берган пулларимизни қайтариб олишимизда ёрдам беришингизни сўраймиз”, дейди мурожаатчи аёл.

Маълум бўлишича, Аббос Усмонов кейинги фуқародан 900 АҚШ долларини олиб, уни ҳам қайтариб бермаган ёки берган ваъдасини бажармаган.

Журналистик суриштирув ўтказилганида, ҳақиқатдан ҳам, Қашқадарё вилояти Китоб тумани Ички ишлар бўлими жабрланувчи фуқароларга ҳеч қандай кўмак беришмагани ойдинлашди.

Effect.uz журналисти Мария Валишеровна фирибгарликда гумонланаётган фуқаро Аббос Усмоновнинг иш жойига ҳам борган, аммо у неча кундан бери иш жойига келмагани, унинг уй манзилини суриштирилганида, ҳар кимга турли ҳил манзил бериб, ўзининг ўй манзилини яшириб юргани аниқланди. Қўл телефонига қилинган қўнғироқлар бесамар якунланди.

Сўнгра Китоб тумани Ички ишлар бўлимидан бу фуқарога нега чора кўрилмаётганини сўрадик, улар бу саволга сабабсиз жавоб беришмади. Уй манзилини билиб беришдан ҳам бош тортишди.

ИИБ ходимларининг ушбу фирибгарликка қандай алоқаси бор деб ўйланиб қолдик. Бу ерда қандай сир бор? Кутамиз!

Таҳририятдан

Ички ишлар вазирлиги масъулларидан Қашқадарё вилояти Китоб тумани Ички ишлар бўлимига алоҳида эътибор қаратишларини сўраган бўлар эдик. Журналистга қўпол ва терс муомалада бўлган айрим Китоб тумани Ички ишлар бўлими ходимлари аҳолига қандай хизмат кўрсатишини олдиндан тасаввур қилиш қийин эмас албатта.

Яна бир муаммо шундаки, бир қанча фуқаролар Аббос Усмонов устидан шикоят қилиб мурожаат қилишса, уларни ҳеч ким тингламагани бу ачинарли ҳолат.

Шундай қўштирноқ ичидаги ёлғончи тадбиркорларга ўз вақтида чора кўрилмас экан, жамиятда қурт-қумурсқалар сони кўпаяверади.

Видео ва материал оммага ҳавола қилингандан сўнг ИИБ ходимлари масъулиятни ҳис қилиб, муаммога жиддий эътибор қаратади деган умиддамиз! Зеро, ҳар биримиз ўз касбимизни масъулият билан бажарсак мақсадга мувофиқ бўлади!

Мавзуга яна қайтамиз, Effect.uz’ни кузатишда давом этинг!

Мария Валишеровна