Ўзбекистонлик таниқли режиссёр Сарвар Каримов Twitter’даги саҳифасида ўзи ва оила аъзолари COVID-19’га чалингани, отаси коронавирус инфекциясидан вафот этганини маълум қилди.

Бугун дадам қазо қилдилар. Коронавирусдан. Лекин ташхис қўйилмади. Бир ҳафта уйда даволадик. 103 га телефон қилсак, беморнинг иситмаси бўлса, келолмаймиз дейишди. Уларни ҳам тушунаман, на дориси бор, на ҳимоя воситаси. Расмий статистикага ишонманг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг!

Давлатга ишонманг. Расмийларнинг барча гапи ёлғон. Ишонч рақамларига телефон қилиб тушиб бўлмайди, тушсангиз ҳам бошқа номерни бериб юборади. Биз дадамизга бир ҳафта тез ёрдам чақиролмадик. Ахири ўпкаларига ўтиб кетиб, жонлари узилди. 63 ёшда эдилар. 10 кун аввал соппа-соғ эдилар.

Бу гапларни ёзишимдан мақсад — давлат ёрдамидан умидингизни узинг. Кўчага чиқманг, айниқса катталарни эҳтиёт қилинг!

Ҳозир бутун оиламиз COVID-19’га чалинган (расмий). Ўзимизни ўзимиз даволаяпмиз, чунки бошқа илож йўқ. Дуо қилинглар, тузалиб кетайлик. Аллоҳ шифо берсин ҳаммамизга.

Сарвар Каримов

Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев вафот этгани эълон қилиниб, кейинчалик санъаткорнинг коронавирус билан касалланиб оламдан ўтгани маълум бўлган эди.