Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда кенг мухокамага сабаб бўлаётган “Сирдарёда судьяни ИИБ калтакладими?” сарлавҳали мақола юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълумки, жорий йилнинг 10 июлидан бошлаб республикамизда карантин чоралари кучайтирилди. Республика махсус комиссияси қарори билан “Коронавирус пандемиясини олдини олиш ва карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш” мақсадида Гулистон шаҳар, Улуғйўл МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-34 халқаро давлат аҳамиятига эга “Тошкент-Термиз” автойўлининг 117-км.да ташкил этилган “Тошкент” карантин блок пости орқали Гулистон шаҳрига кириш ушбу автойўлнинг иккита ҳаракатланиш бўлаги орқали амалга оширилмоқда.

“Тошкент-Термиз” автойўли халқаро давлат аҳамиятига эга автойўл эканлиги инобатга олиниб, ушбу автойўлнинг учинчи ҳаракатланиш бўлаги автотранспорт воситаларининг тўғрига тўхтамасдан ҳаракатланишлари учун очиб қўйилган. Ушбу ҳаракат бўлагидан фақатгина кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда автотранспорт воситалари (тез ёрдам, махсус белгили хизмат автотранспорт воситалари в.х.к)нинг шаҳар ҳудудига тўсиқсиз ўтиши учун мўлжалланган.

Бироқ, шундай ҳайдовчилар борки, улар белгиланган қоидаларга риоя этмасдан, махсус транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишига ҳалақит бермоқдалар. Биргина мисол, жорий йилнинг  13 июль куни соат 09:30 ларда оқ рангли, “Нексия-1” русумли, 01 X 172 DA д.р. белгили автомашина ҳайдовчиси (кейинчалик маълум бўлишича Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси А.З.Эргашев) “Тошкент” карантин блок пости орқали мўлжалланган иккита ҳаракатланиш бўлаги орқали ҳаракатланмасдан, учинчи ҳаракатланиш бўлаги орқали Гулистон шаҳрига кирмоқчи бўлган.

Натижада автойўлнинг учинчи бўлагида ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашиналарини йўлини тўсиб қўйган. Орқа томондан товушли сигнал ва маёқларини ёқиб ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашинасида оғир касал келаётганлиги боис шу ерда хизмат ўтаётган Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимларига алоқа воситаси орқали хабар келиб тушганлиги сабабли, ходимлар зудлик билан тез ёрдам автомашинасини тўсиқсиз ўтказиб юборишлик учун мазкур ҳайдовчига автомашинани тўғрига ҳаракатлантириш ишорасини кўрсатган бўлсада, хайдовчи ўзини таништирмасдан, ходимларнинг талабларини бажармасдан, автомашинасини йўлнинг қатнов қисмида тўхтатиб, тез ёрдам автомашиналарини тўсиқсиз харакатланишига халақит қилган.

Шундан сўнг, мазкур блок постда хизматга жалб этилган ва ҳолатни кузатиб турган, Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари унинг ёнига бориб, ЙҲХБ ходими билан бирга хайдовчига орқасидан ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашинасини йўлини тўсиб қўйганлигини тушунтирган, бироқ ҳайдовчи автомашинасини жойидан қўзғатмаслигини айтиб, ходимларга қўпол муносабатда бўлган.

Шундан сўнг ходимлар мазкур ҳайдовчи бошқарувидаги автомашина орқасида турган тез ёрдам автомашинасини тўсиқсиз ҳаракатини таъминлаш ва тирбандликни бартараф этиш мақсадида “Нексия-1” автомашинаси ҳайдовчисини автомашинадан тушириб, автомашина йўлдан олинган. Муаммо бартараф этилгандан сўнг ҳайдовчи ўзини таништирган шундан сўнг хайдовчига кетишга рухсат берилган. Ҳайдовчи ва Ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги мулоқот ходимларнинг бодикамераларида тўлиқ акс эттирилган.

Тасвирларда кўрганингиздек, ҳайдовчи билан ички ишлар органлари ходимлари ўртасида бўлган мулоқот жараёнида куч ишлатиш ёки қўполлик қилинмаган.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки,  барчамиз ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилсак, автотранспорт эгалари эса ҳайдовчилик маданиятини оширсалар, бу каби зиддиятли ҳолатлар келиб чиқмаган бўлар эди. Хулоса  ўзингиздан.