“Алпари” ахборот-таҳлил марказининг раҳбари Александр Разуваев Россия валютасини юз баравар деноминация қилиш таклиф қилди. РИА Новости хабарига асосан.

Аввалроқ, Россия Марказий банки муомаладаги нақд пул миқдори рекорд даражага – 12,42 трлн рублга етганини маълум қилганди. Регуляторнинг маълум қилишича, сўнгги бир ой ичида бу миқдор 3,5 фоизга ошган.

Разуваевнинг сўзларига кўра, деноминация копейкани муомалага қайтаришга имкон беради, долларнинг курси эса 70 копейка ташкил қилади. Экспертнинг фикрича, бу Россия валютасига ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

У муомаладаги пул массасининг кўпайишини баъзи россияликлар норасмий шаклда иш ҳақи олиши билан изоҳлади.

Эксперт фикри

Россия Фанлар академияси Иқтисодиёт институти директори Руслан Гринберг, Разуваевнинг таклифига қарши чиқди. Унинг фикрича, деноминация ваҳима қўзғаши мумкин, чунки бундай чоралар кўпинча валютанинг кескин қадрсизланиши шароитида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Россияда охирги марта деноминация 1998 йилда 1000:1 коэффиценти билан ўтказилганди. Ўша вақтда пул бирлиги қуйидаги нисбатда ўзгарди: 500 рубл – 50 копейка; 1000 рубл – 1 рубл; 5000 рубл – 5 рубл; 10000 рубл – 10 рубл; 50 000 рубл – 50 рубл; 100 000 рубл – 100 рубл; 500 000 рубл – 500 рубл.

Деноминациядан сўнг 2001 йилда 1000 рубл банкнота муомалага киритилди, 2006 йилда эса 5000 рубл киритилди, у айни вақтда мамлакатда энг йирик банкнота ҳисобланади.