Коронавирусга чалинган пойтахтлик 76 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 7 июль куни Чилонзор туманида яшовчи 76 ёшли В.Т. (аёл) ва унинг ўғлида “COVID-19” тасдиқланганидан сўнг уйига махсус тез тиббий ёрдам гуруҳи келган. Аммо беморда касаллик белгилари бўлсада, шифохонада стационар ҳолатда даволаниш рад этилган.

11 июль куни беморнинг аҳволи оғирлашганлиги сабабли Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. У ерда унга “COVID-19”нинг оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллигининг 2-даражаси, юрак ва бош мия томирлари атеросклерози, дисциркулятор энцефалопатиянинг 2-даражаси, 12 бармоқли ичак яраси касаллиги каби ҳамроҳ касалликлари бўлган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 3 июлдан буён кунлик ўсиш 300 бемордан кам бўлмаяпти. Умумий касалланганлар сони эса 12 855 беморни ташкил этмоқда. Ҳозиргача 7723 бемор тузалди ва 59 бемор вирус қурбонига айланди.