Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг “Регламент ва депутатлик одоби масалалари” бўйича доимий комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Ижтимоий тармоқларда O‘zLiDeP фаоли, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати Гулнора Одилова ҳақида тарқалган видеолавҳа бугун халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг “Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси” йиғилишида Г. Одилова иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида доимий комиссия аъзолари томонидан депутат халқ вакили сифатида шаъни, қадр-қиммати, одоб аҳлоқи билан намуна бўлиши, ҳар қандай вазиятда ўзини қўлга олиб, фуқарони эшитиши, муаммосини қонуний ҳал этиш чораларини кўриши, депутат ҳамиша ўзига имтиёз эмас, балки, халқ вакили сифатида ҳамиша намуна бўлиши, бу хатти-ҳаракатлар ва сўзлар айниқса, хотин-қизлар вакили бўлган депутатга хос эмаслигини таъкидлаб, депутатлар томонидан ҳолатга муносабат билдирилди.

Муҳокамалар якунида Г. Одилова ушбу хатти-ҳаракатларини жаҳл устида қилганлигини тан олиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини қўлга олиши кераклигини, сўздан адашганлигини, чин дилдан пушаймонлигини билдириб бутун сайловчилари ва халқимиздан узр сўради.

Доимий комиссия аъзоларининг билдирган фикр-мулоҳазалар ва муносабатлар асосида йиғилишда қарор қабул қилиниб, навбатдаги халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши сессиясида ушбу масалани муҳокамага киритиш учун тақдим этилди.

Шу ўринда, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси С. Одилов депутатларни тадбиркор ва ишбилармонларни пандемия шароитида қўллаб-қуватлашга, халқ вакили сифатида сайловчилар олдида намуна бўлишга, ўз ваколати доирасида, одоб-ахлоқ принципларига риоя қилган ҳолда фаолият олиб боришга чақирди.