АҚШ президенти Доналд Трамп коронавирус пандемияси бошлангандан буён биринчи марта оммага тиббий ниқоб таққан ҳолда кўриниш берди, деб хабар қилади CNN.

Трамп ҳарбий ҳаракатлар вақтида жароҳат олган ҳарбий хизматчилар даволанадиган Вашингтон яқинида жойлашган Уолтер Рид номидаги госпиталга таширифи вақтида ниқоб таққан. Тўқ кўк рангли ниқобнинг чап томони пастки қисмида президентлик муҳри туширилган.

“Ўйлашимча, ниқоб тақиш — жуда яхши. Мен ҳеч қачон ниқобга қарши бўлмаганман, бироқ уни тақишнинг жойи ва ўз вақтли борлигига ишонаман”, — дейди Трамп.

Шунингдек, у нима сабабдан госпиталга таширифи вақтида ниқоб тақишга қарор қилганига ойдинлик киритган.

“Фикримча, аниқ бир вазият сабаб госпиталга келганингизда, айримлари ҳозиргина операция столидан чиққан кўплаб аскарлар, одамлар билан мулоқотда бўлганда ниқоб тақиш ўринли”, — дейди Америка этакчиси.

Бунга қадар Доналд Трамп бир неча бор коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш учун ниқоб тақиш ниятида эмаслигини маълум қилган. Хусусан, апрель ойида АҚШ президенти аҳолига ниқоб тақишни тавсия қилиб, лекин ўзи бу тавсияга амал қилмаслигини айтган эди. Ўшанда Трамп кейинчалик ўз фикрини ўзгартириши мумкинлигини ҳам таъкидлаб ўтганди. Май ойида эса Трамп коронавирус пандемияси вақтида ҳеч кимга яқинлашмаётгани сабаб тиббий ниқоб тақишга эҳтиёж сезмаётганини билдирган.