Маълумки, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фуқароларга ҳар томонлама қулайлик яратиш, COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларнинг уй шароитида даволаниши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай саволларга аниқ ва ишончли жавоб бериш мақсадида доимий равишда фаолият юритувчи, малакали мутахассислар билан таъминланган Сall-марказлар ва махсус штаблар ташкил этилган.

Бундай жозибадор ёзувлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг телеграмдаги каналида 10 июль куни эълон қилинган эди.

EFFECT.UZ ахборот агентлиги ходимлари 1003 рақами орқали коронавирусга чалинмаслик ва чалинган тақдирда нима қилиш кераклигини билишга мажбур бўлган ва фуқароларга бераётган маслаҳатлари учун маош олаётган ҳамда фуқароларга тўғри маслаҳат берадиган Call-марказ билан боғланишди.

11 июль куни тонгда EFFECT.UZ ходимларининг икки нафари соғлиғида бироз муаммолар сезди ва дарҳол 1003 рақамига қўнғироқ қилиб, маслаҳат сўрамоқчи бўлишди. Биринчи марта қилинган қўнғироққа нақд 28 дақиқада жавоб берилди:

 

Оператор: Алло, ассалому алейкум!

EFFECT.UZ ходими: “Волейкум ассалом, томоғимда бироз қичишиш бор, ютинсам оғриқ сезяпман. Уй шароитида коронавирусга қарши қандай курашсам бўлади?.

Оператор: Сизга бепул консультация берадиган шифокорларнинг рақамини бераман, шулардан сўрасангиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Навбатдаги қўнғироқ +998712072227 рақамига бўлди:

EFFECT.UZ ходими: Рақамингизни 1003дан олдик. Сиздан уй шароитида коронавирусдан қандай қутулиш мумкинлиги ва беморлик даврида қандай дорилар ичиш кераклигини сўрамоқчимиз.

+998712072227 рақами оператори: Бизда консультация 40 минг сўм!

EFFECT.UZ ходими: Консультация бепул деб шу рақамни беришганди.

+998712072227 рақами оператори: Консультация бепул эмас, агар бепул консультация керак бўлса 5-6 соатдан кейин телефон қилинг. (телефон гўшаги шу оҳангда қўйиб қўйилди).

Юқоридаги савол бўйича яна бир марта 1003 рақамига қўнғироқ қилинди (оператор 26 дақиқадан сўнг жавоб берди):

Оператор: Коронавирусга чалинган бўлсангиз тезкорлик билан оилавий шифокорингизга мурожаат қилинг, ҳозир шифохоналарда жойлар қолмаган. Фақат у сизга қандай дорилар ичишни тавсия қила олади. Қаердан бўлса ҳам топиб, телефон қилинг.

EFFECT.UZ ходими: Агар топа олмасак, ёки қониқарли жавоб ололмасак…?

Оператор: Бир кубикдан икки маҳал укол олинг, тушундингиз? Вақт керак фақат, иложи борича поликлиникадан битта-яримта дўхтирни топинг, ҳар куни телефон билан боғланиб туринг. Прописка борми-йўқми, поликлиника дўхтирини қаердан бўлса ҳам топинг. Аҳволингиз оғирлашса, тез тиббий ёрдам ҳам сизга ёрдам бермайди, чунки ҳеч қаерда жой йўқ, тушундингиз…?

Телевизорда айтдику, дўхтир йўқ, бошқа йўқ, врачлар кам. Шуларни ҳаммасини айтдику халққа, эълон қилдику!

EFFECT.UZ ходими: Аҳвол оғирлашса, нима қилиш мумкин?

Оператор: Аҳвол оғирлашса, энди билмайман, замон шунақа бўлиб қолди. Худо деб тез-тез ҳаракатингизни қилинг. Аҳвол оғирлашса реанимацияга олиб кетади ва у ерда нима бўлишини биласиз. Телевизорда яққол айтдику халққа.

EFFECT.UZ ходими: Ҳақиқатдан ҳам шифохоналар касаллар билан тўлиб кетганми?

Оператор: Акаааа, сизга айтяпманку, телевизорда ҳам айтдику шуни. Ака ҳозир муҳокама қилмайлик, сизга соғлиғингиз керакми ёки муҳокама?

EFFECT.UZ ходими: Менга соғлигим керак албатта, аммо сиз нотўғри гапиряпсиз. Чунки Ҳабибулла Оқилов шу гапни айтганидан кейин бир кун ўтиб, «агар кунига 1000-1500 бемор аниқлансагина мана шунда Соғлиқни сақлаш тизимимиз ўлади» деб ўз гапига ўзи раддия бериб, аниқлик киритганди.

Оператор: Гапим нотўғри бўлса, қани дўхтир чақиринг олиб борса, менга қайтариб телефон қилиб айтинг. Мен жой топдим ва мана менга қарашяпти деб айтинг, дўхтир кўп бўлса… Саломат бўлинг! (алоқа узилди).

Шу куни уйдан кўчага чиқмаган EFFECT.UZ ходимлари калл-марказга соат 22:00 ларда яна қўнғироқ қилиб, саволга жавоб олишмоқчи бўлди: (24 дақиқадан сўнг гўшакни яна бир марта юқорида қўпол муомалада бўлган оператор кўтарди ва бу сафар у оператор жонли эфирда 300 дан ортиқ обуначилар гувоҳлигида саволларга жуда терс ҳамда қўпол муомала билан жавоб қайтарди. Бу сафардаги суҳбатда оператор ҳаддан ташқари қўполликка ўтди). Effect.uz ходими операторга юқоридаги савол билан юзланди.

Оператор: Коронавирус бор ёки йўқлигини фақат тест орқали билиш мумкин. Лекин тест бутун Республикада йўқ, тестни эсдан чиқаринг, тушундингиз…? Энди ҳозир коронавирус борми ёки йўқми, деб фол очиб ўтириш керак эмасда, уни бор деб ҳисоблаб, даволанишни тезда бошлаш керак.

EFFECT.UZ ходими: Қандай йўллар билан?

Оператор: Касалликни ҳар бир фуқарога телефонда айта олмаймиз, чунки бу тиббиёт жиҳатидан нотўғри. Сиз истиқомат қиладиган жойда оила шифокори бор, тўғрими? Оила шифокорига телефон қилиб, топасиз-да… Ҳозир сиз бирор шифокорга ёки тез ёрдамга «мен коронавирусга чалиндим, аҳволим оғир», десангиз ҳам шифохоналарда жой йўқ олиб кетишга ва сизни ҳеч ким олиб ҳам кетмайди. Шарт-шароит шундай, шифокорлар етишмаяпти, шифохоналарда жой йўқ. Бу ҳақида халқимизга айтилди. Ўша учун коронавирус бор деб ҳисоблаб, поликлиникадаги дўхтиризни яхши ушлаб, телефон орқали менга илтимос дориларни рўйхатини айтинг деб мурожаат қилинг. Рўйхатни айтгандан сўнг шу дориларни ичишни бошлайсиз.

EFFECT.UZ ходими: Агар прописка бошқа ҳудудники бўлса, масалан Тошкентга бошқа вилоятдан келиб, бу ерда қолиб кетган бўлса ва оилавий поликлиникага мурожаат қилса, у шифокор сизга ёрдам берадими?

Оператор: Қаердан бўлса ҳам, ўша ердан бўлса ҳам ёки пропискангиз қаерда бўлишидан қатъий назар барибир шифокордан маслаҳат олинг. Ҳозир ҳазиллашадиган пайт эмас, шифохоналарда жой йўқ. Бизда 40 градус ҳарорат билан бир бемор ётибди, қўлида коронавирусга чалингани тўғрисидаги қоғози бўлиб ҳам уни шифохоналарга қабул қилишмаяпти. Шу учун қаердан бўлса ҳам дўхтир топинг «дўхтир ҳозир сиз учун Худо», тушундингиз…?

Дўхтирни топинг-да ҳар куни алоқада бўлиб туринг, «дўхтир сиз учун Худо», бошқа нарса йўқ, тамом! Ишонмасангиз мана бирор жойга борингда ёлғондан бўлса ҳам «мен коронавирусман, аҳволим оғир» деб кўринг қани ким сизга ёрдам берар экан. Йўқ, ҳечким ёрдамга келмайди!

EFFECT.UZ ходими: Демак, аҳволим оғир деб мурожаат қилсам ҳам олиб кетишмайдими?

Оператор: Ака, мен сизга бор гапни айтяпман, наҳотки тушунмайсиз?

EFFECT.UZ ходими: Тушундим, шунда аҳволи оғир беморлар ўлиб кетиши керакми?

Оператор: Бу саволга жавоб бера олмайман, лекин интернетда, телевизорда айтишди, «шифохоналар тўлди» дейишди.

EFFECT.UZ ходими: Ҳа, шифохоналар тўлди дейишди, лекин бир кун ўтиб бошқача гапиришди. Яъни кунига агар 1000-1500 одам беморга айланса, соғлиқни сақлаш тизими ўлади дейишди.

Оператор: Билмадим, мен сиёсатчи эмасман, мен Ҳукуматмасман, сизга бор гапни айтяпман. Агар ўша гап жой бўлса, ана бориб ётиб кўринг ҳоп?. Бемалол тез ёрдамга телефон қилинг агар келиб олиб кетса, менга айтинг.

EFFECT.UZ ходими оператордан исм-фамилиясини сўрайди, савол жавобсиз қолади.

Оператор: Сен ёлғон гапирибсан, шифохонада жой бор экан, тез ёрдам бор экан деб ишониб, дўхтир чақирингда… Агар дўхтир топсангиз, жой топсангиз, мени топиб бетимга тупуриб кетинг! Саломат бўлинг!

Ҳа, бу 1003 рақамида ўтириб, фуқароларга коронавирусга чалинмаслик учун маслаҳат берадиган операторларнинг бири билан кечган суҳбат эди.

Шундан сўнг операторнинг маслаҳатига кўра, 103 телефон рақамига ҳам қўнғироқ қилиб боғланмоқчи бўлдик. Афсуски, тез ёрдамга қилинган қўнғироқлар (3) нинг барчасига ҳеч қандай жавоб берилмади.

Демак, хулоса қилиш мумкин-ки, агар Худо кўрсатмасин ҳозирда коронавирусга чалиниб қолсангиз, тез ёрдам ҳам келмайди, шифохоналарда жой ҳам йўқ, фақат оила шифокори ёки бирор таниш-билиш шифокордан нима қилиш кераклигини сўраш даркор бўлади. Хуллас, коронавирус юқтириб олган фуқаро автоматик «хавфли инсон»га айланади.

Ҳўп, коронавирусга чалинмадим ҳам денг, лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги калл-центрдаги операторларнинг бундай ўта қўпол муомаласига қандай чидашни билмай қоларкан киши.

“Маълумки, юртимизда коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 июндаги 31-сон баёнига асосан 2020 йилнинг 5 июль санасидан бошлаб COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларнинг уй шароитида даволаш жорий этилган.

COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларни уй шароитида даволашни тизимли ва сифатли ташкил қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фуқароларни уй шароитида даволаш ва эпидемиологик суриштириш ўтказиш тартиби, беморларни 10 кунлик тиббий кузатув мониторинг ҳисоботи ва беморлар тўғрисида маълумотларни тўплаш ҳамда таҳлил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Шу билан бирга, беморларни уй шароитида даволашга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳар бир ҳудудга масъул ходимлар бириктирилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида фуқароларга ҳар томонлама қулайлик яратиш, COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларнинг уй шароитида даволаниши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай саволларга аниқ ва ишончли жавоб бериш мақсадида доимий равишда фаолият юритувчи, малакали мутахассислар билан таъминланган Сall-марказлар ва махсус штаблар ташкил этилди.

Барча COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларнинг уй шароитида даволанишлари билан боғлиқ масалалар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 қисқа рақамли Сall-марказига ҳамда яшаш жойингиздаги оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пункти ёки қишлоқ оилавий поликлиникасига телефон орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларга уй шароитида даволаниш даврида касалликни оила аъзолари ва бошқа фуқароларга юқтирмаслик учун уйдан чиқмасликларини, аксирган, йўталганда бурун ва оғизни ёпиш, қўлни доимо совун билан ювиш ва антисептик воситалар билан зарарсизлантириш, тиббий ниқоб тақиш ва уни белгиланган тартибда алмаштириш, хонани ҳар 2-3 соатда тез-тез шамоллатиш, уйдагилар билан мулоқотни чеклаш,овқатланганда алоҳида идиш-товоқлардан фойдаланишни ҳамда санитария қоидаларига қатъий амал қилишни тавсия этади”, дейилган ССВнинг 10 июлдаги жозибали баёнотида.

ССВ назарда тутаётган COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларнинг уй шароитида даволаниши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай саволларга аниқ ва ишончли жавоб бериш мақсадида доимий равишда фаолият юритувчи, малакали мутахассислар билан таъминланган Сall-марказлар ва махсус штабларида фуқаролар айтилганидек, ҳар қандай саволларига аниқ ёки ишончли жавобни ола биляптими?

Соғлиқни сақлаш тизими жар ёқасига келиб қолганини тўғри тушуниб турибмиз, аммо бу баҳона билан миллионлаб одамларнинг ҳаёти хавф остида қолиб кетмаяптими. Оддий калл-марказдаги операторнинг жавоби шундай бўлса, коронавирусга қарши курашаётган шифокорларнинг беморлар билан бўлаётган муносабати ёки уларни даволаш жараёнлари қандай кечяпти?

Оператор коронавирус учун маслаҳат олишни истаган фуқароларга қандай муносабатда бўлганига гувоҳ бўлганлар табиийки, ўз-ўзидан шифохоналардаги беморларнинг аҳволини ўйлаб олиши керак бўлади.

АПРЕЛГАЧА 1003 CALL-МАРКАЗИГА 650 МИНГДАН ОШИҚ МУРОЖААТ КEЛИБ ТУШГАН (ССВнинг 11 апрелдаги ахбороти)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларимизнинг ҳар бир мурожаати эътибордан четда қолмаслиги, уларни ишончли маълумотлар билан таъминлаш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шу йилнинг 15 март куни юртимизда коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олишда кўрилаётган чоралар тўғрисида объектив ва ишончли маълумот билан таъминлаш, аҳолини қизиқтирган саволларига жавоб бериб бориш мақсадида 1003 қисқа рақамли Call-маркази ишга туширилган эди.

Мазкур қисқа рақам орқали бугунги кунда аҳоли ўзини қизиқтираётган саволларига тиббиёт соҳасининг малакали ходимлари, тажрибали шифокор ва профессор олимлари томонидан аниқ ва асосли жавоблар олишмоқда.

Call-марказ туну кун фаолият кўрсатмоқда. Унда 200 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар, шифокорлар уч сменада узлуксиз фуқароларнинг мурожаатларига жавоб беришмоқда.

Жорий йилнинг 15 март куни соат 21:00 да ишга тушган Call-марказга 11 апрель соат 15:00 гача 650 мингдан зиёд қўнғироқ келиб тушган. 10 апрелни ўзида эса операторлар 10 734 та мурожаатга тиббий асосланган жавоблар беришган. Энг кўп берилаётган саволлар орасида касаллик белгилари қандайлиги ҳақидаги саволлар ҳалигача долзарблигини йўқотмаяпти.

Қизиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги кимни алдамоқчи? Наҳотки туну кун хизмат кўрсатаётган 1003 даги операторлар айтилганидек, тиббиёт соҳасининг малакали ходимлари, тажрибали шифокор ва профессор олимлари экани ростми? Рост бўлса, бундай профессор ёки тажрибали шифокорлар бир «тиррақи»ни ортидан «қора рўйхат»га тушиб қолишмаяптими? Аҳоли ўзини қизиқтирган саволларига қандай жавоблар оляпти? Нима, «дўхтир биз учун Худо экан» қабилида иш тутишимиз керакми? Балки дўхтирларга сиғинишимиз керакдир? Бу саволлар жавобсиз қолмаслиги шарт!

Ҳурматли вазир Алишер Шодмонов EFFECT.UZ Соғлиқни сақлаш вазирлигидан юқоридаги ҳолат бўйича расмий изоҳ беришини сўраб, қуйидагиларни қўшимча қилишни жоиз деб билди.

Коронавирусга қарши кураш махсус комиссияси штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов куни-кеча Ўзбекистонда коронавирус авж олса, дори-дармон ва тиббий воситалар тақчиллиги юзага келиши эҳтимоли ҳақида маълум қилган эди.

“Коронавируснинг кириб келишига бирорта давлат тайёр эмасди. Дастлаб дорилар тақчиллиги барча давлатларда, шу билан бирга, Ўзбекистонда ҳам кузатилди. Комбинезон, ниқоб, қўлқоплар етишмади, улар Россиядан, Хитойдан олиб келинди.

Аммо кейинроқ Ўзбекистондаги ўрта ва кичик бизнес субъектлари ўз фаолият йўналишларини ўзгартирган ҳолда, ниқоб, қўлқоп, кўзойнак, комбинезон ва бошқа барча керакли воситаларни ишлаб чиқаришни бошлади. Ҳозир керакли тиббий воситалар нафақат етарли даражада ишлаб чиқариляпти, балки уларни ён-атрофдаги давлатларга сотиш ёки ижтимоий ёрдам сифатида етказиб бериш имкони мавжуд”, дейди у.

Шунингдек, Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистон ҳали коронавируснинг авж олиш нуқтасидан ўтмаганини таъкидлади.

“20 кунлик қатъий карантин чоралари нафақат касалликнинг юқиш занжири узилишига, балки шифохоналарда тиббиёт ходимларининг ишни ташкиллаштириб олишига ҳам имкон беради. Ўта оғир даражадаги беморларни оғир даражага, оғир даражадаги касалларни енгил даражага ўтказишга, енгил даражадаги беморларни эса даволаб олиш учун имкон бўлади. Тиббиёт ходимлари бригадасини алмаштириб олиш учун ҳам шароит яратилади. Чунки врачлар ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан босим билан ишламоқда.

Ўзбекистонда ҳали коронавирус чўққига чиққани йўқ. Касалликнинг чўққига чиқиши уч хил шаклда бўлиши мумкин. Биринчи шаклда касаллик кескин чўққига чиқиб кетиши, кунлик кўрсаткичлар 1500 дан 3000тагача чиқиши мумкин.

Агар биз касалликнинг чўққига чиқиш кўрсаткичида кунлик 250-500тадан қайтсак, бу Ўзбекистон учун, фуқаролар учун вазиятнинг осон тарзда ўтиб кетишига имкон беради”, деганди профессор Ҳабибулла Оқилов.

Ҳабибулла Оқилов шунингдек, Ўзбекистонда кунига 1-1,5 мингта коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланса, соғлиқни сақлаш тизими қулашидан огоҳлантирди.

“Ҳозир кунига 350 нафар коронавирус билан касалланганлар қўшиляпти, лекин бу – биз билган статистика. Буни орасида ҳали қанча таҳлилга етиб бормаган, лекин аслида касалланган, симптомсиз юрган беморлар сони икки-уч баробар кўпроқ ҳам бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, дастлаб, ПЗР аппаратлари яхши ва муаммосиз ишлаганди. Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги қошида, Республика ОИТСга қарши кураш маркази ва унинг ҳудудий филиалларида, Вирусология илмий-текшириш институтида, вилоятларда қўйилган ПЗР-аппаратлари етарли даражада таҳлилларни чиқариб бера олаётган эди.

Аммо касалланганлар сони ошиб кетгани учун кунига 20-22 мингта тест етмай қоляпти. Тест натижалари аввал бир неча соатда чиқаётган бўлса, ҳозир таҳлил топширганлар кўпаяётгани ҳисобига ПЗР аппаратларининг таҳлил жавобларини чиқариши 2-3 ёки бир ҳафтага кечикмоқда.

Бу муддатда эса касаллар ҳам аҳоли орасида касаллик тарқатаётган 4-5 одамга, у 4-5 одам эса яна шунча одамга юқтириб қўйиши мумкин. Шунинг учун биз касаллик тарқалишини чеклаш учун карантин қоидаларини яна 20 кунга кучайтиряпмиз. Халқдан атиги 20 кунга чидаб беришини сўраймиз.

Ҳозир давлат раҳбарининг топшириғи билан яна 60та ПЗР-аппарати олиб келинди, улар учун ҳозир шифокорларни ўқитиб беряпмиз, уларни қўямиз, сонини кўпайтирамиз. Лекин юқтириш занжирини ҳозир бўлиб қўймасак, эртага кунига 350та эмас, ҳар куни мингтадан, Худо кўрсатмасин, 1,5 мингтадан қўшила бошласа, у ҳолда республика соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ коллапсга тушиб қолади, қўшни мамлакатлар аҳволига тушиб қоламиз – касалхонага беморни қўлда кўтариб келишяпти, касалхона эшигини тақиллатяпти, лекин ичкаридан очаётгани ҳам йўқ, чунки жой ҳам йўқ, иложи ҳам йўқ, дори-дармон ҳам йўқ, дорихоналар ёпиқ, койка-ўринлар йўқ, касални кўтариб қаерга боришни билмайди, уйда ўтирибди. Бу – коллапс”, деган Оқилов.

Сўнг Оқилов 9 июль куни шифохоналарда коронавирусга чалинган беморлар учун койкалар, дори-дармонлар етишмаслиги ҳақида ижтимоий тармоқда тарқалган фикрларга изоҳ бериб, аниқлик киритди.

“Брифингдан сўнг ижтимоий тармоқда кенг муҳокамалар бўлди. Баъзи фуқаролар қатъий карантин талабини тўғри тушунишса, айримлар вирус борлигига шубҳа билан қарашмоқда. Кўпчилик менга олдинги брифингларда шифохоналарда беморларга дори-дармон, койкалар – ҳамма нарса етарли эканлигини айтаётганим, бир кун ўтиб эса вазият оғирлашаётганини хабар қилганим бўйича сўрашди. Уларга айтишим мумкинки, мен олдинги айтган гапимни инкор қилмайман. Ҳукумат койкалар, дори-дармонларни етказиб беряпти. Таъминотдан муаммо йўқ.

Лекин карантин талабларига риоя этилмаса, вазият оғирлашиши аниқ. Ҳозирги кунлик статистика такрорланаверса, соғлиқни сақлаш тизими бардош беролмаслигини фуқароларга тушунтирмоқчимиз. Қўшни давлатлар ва бошқа хориж мамлакатларидаги оғир вазиятга тушиб қолмаслик учун ҳам қатъий чораларни кўришга мажбурмиз”, дея ўз сўзига раддия берганди Ҳабибулла Оқилов.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков эса республикада коронавирус биринчи тўлқинини қачон енгиб ўтиш мумкинлигига аниқлик киритди.

“Ҳар қандай турдаги юқумли касаллик тарқалиши учун эпидемик жараён бўлиши керак. Бунинг эса 3та бўғини бор: касаллик манбайи, юқиш йўли ва юқтириб олувчи шахс. 3та бўғиннинг бирортаси бўлмаса, касаллик одамдан одамга юқмайди. Демак, бизнинг вазифамиз шу бўғинларни узишдан иборат.

Жуда кўп фикрлар бўляпти: касалликнинг биринчи, иккинчи, учинчи ва бошқа тўлқинлари бор экан. Биз ҳали биринчи тўлқинни узганимиз йўқ. Қачонки касаллик қайд этилиши тўхтаса, битта касалликнинг яширин даври ичида биронта бемор қайд этилмаса, касалланганларнинг барча манбайи жиловланса, биринчи тўлқиндан сал бўлса-да узоқлашдик, деган фикрга боришимиз мумкин”, деди Отабеков.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 3 июлдан буён кунлик ўсиш 300 бемордан кам бўлмаяпти. Умумий касалланганлар сони эса 12 513 беморни ташкил этмоқда. Ҳозиргача 7723 бемор тузалди ва 57 бемор вирус қурбонига айланди.

11 ИЮЛЬ КУНИ АНТИРEКОРД

Шу куни 486 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 391 нафари карантин муассасаларида, 95 нафари аҳоли орасида аниқланган. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида 2 нафар, Хоразм вилоятида 1 нафар, жами 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида 193 нафар фуқаро соғайди. Касаллик қайд этилган жами 12513 нафар бемордан 7723 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 61 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 4733 нафар бемордан 45 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Фото: ССВ

Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар қатъий карантин чоралари белгиланди:

а) қуйидаги карантин чекловлари жорий этилди:

автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланди;

давлат органлари ва ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилиши, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши белгиланди;

давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда йиғилишлар ўтказиш тақиқланди, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш белгиланди;

ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланди (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно);

томоша, маданий-кўнгилочар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди;

тўй ҳамда бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланди;

65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланди.

б) қуйидаги объектлар фаолияти тўхтатилди:

➖ парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;

➖ буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;

➖ спорт заллари, фитнес клуб, тренажёр ва бассейнлар;

➖ ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;

➖ умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) (етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно);

➖ санаторийлар, панционатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари;

в) халқаро авиақатновлар ва юк ташувлар билан боғлиқ қуйидаги янги тартиблар белгиланди:

халқаро авиақатновлар хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартирилади;

халқаро юк ташувларни амалга оширадиган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари мажбурий тартибда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест топширади.

Шу билан биргаликда саноат ва йирик қурилиш объектлари фаолиятини давом эттиришига қуйидаги шартлар асосида рухсат берилмоқда:

тегишли объектлар ҳудуди тўлиқ карантинга олинади;

объектлар ҳудудида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилиши таъминланади;

санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан биргаликда тегишли объектларда санитария-гигиена тадбирлари амалга ошириб борилади;

объектларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар, дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш;

ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритилишини таъминлаш.

Шунингдек, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қўшимча равишда қуйидаги карантин чекловлари киритилди:

Cартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти тўхтатилади;

Маҳаллий (ички) авиақатновлар ва темир йўл қатнови тўхтатилади;

65 ёшдан ошган шахсларга «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Бундан ташқари, жорий йил 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Республика махсус комиссиясининг жорий йил 30 июндаги қарори билан шифохоналарда ва уй шароитида даволанаётган касаллик аломатларсиз енгил шаклда кечаётган беморларни 10 кун муддатда клиник белгилари кузатилмаган тақдирда назоратдан чиқариш амалиёти жорий этилган эди.

Коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни карантинда сақлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилди:

коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахслар уй шароитида карантинда сақланади;

карантинда сақлаш муддати 14 кундан 10 кунга қисқартирилади ҳамда 10 кун муддатда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест натижалари манфий бўлган тақдирда карантиндан чиқарилади;

тест натижалари мусбат бўлган тақдирда, беморда коронавирус инфекциясининг клиник белгилари кузатилса, шифохонага жойлаштирилади, касаллик аломатларсиз ўтаётган бўлса, уй шароитида даволанишга ўтказилади (уй шароитида даволашнинг имкони бўлмаса, белгиланган тартибда тиббиёт муассасасида даволашга ўтказилади).

Касаллик аломатларсиз енгил шаклда кечаётган беморларни уй шароитида даволаш, шунингдек, беморлар билан алоқада бўлганларни уй шароитида карантинга олиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Республика махсус комиссиясининг қарорида қуйидагилар белгиланди:

уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда беморлар билан алоқада бўлиб, уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг доимий тиббий назоратда бўлиши белгиланди;

аҳолига, шу жумладан, уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ҳамда ахборот беришга қаратилган туну-кун узлуксиз фаолият кўрсатувчи Call-center фаолияти йўлга қўйилади;

уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган мобил гуруҳлар ташкил этилади.

Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикасига(дан) йўловчи ташиш бўйича халқаро авиаташувларни ташкил этиш тўғрисидаги Вақтинчалик тартиб тасдиқланди.

Чекловларга сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади ҳамда мазкур талабларни бузган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланади.

Шунингдек, 2020 йил 10 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида карантин чекловлари қайтадан кучайтирилишига сабаб бўлган 6 масала ҳақида эълон қилинди.

Масалалар:

1. 2020 йилнинг 10 июлига келиб, Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими катта босимга дуч келди. Мавжуд соғлиқни сақлаш муассасалари қуввати янги COVID-19 га чалинган беморларни қабул қилиш учун етарли эмас.

2. Айни вазиятда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун COVID-19 билан зарарланганлар сонини қисқартириш ҳамда касалланиш занжирини ҳеч бўлмаганда бир ойга узиш ва тизимни қайта тиклаш ҳаётий заруриятдир.

3. Қатъий карантин чораларини қўлламаслик — коронавирусга чалинганларни стационар даволаш учун касалхоналарда жой қолмаслиги ва улар билан ишлаш учун шифокор ва тиббий ходимларни етишмаслигига олиб келади.

4. Бошқа касалликлардан содир бўладиган эҳтимолий ўлим ҳолатларини ҳисоблашнинг имкони бўлмайди, сабаби барча тиббиёт ходимлари ва ётоқ ўринлари COVID-19 беморлари билан банд бўлади.

5. COVID-19 билан касалланган шифокорлар сони кўпаймоқда. Кўпчилик карантинда бўлгани сабабли ходимлар етишмовчилиги юзага келган. Шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бўлган психологик босим энг юқори нуқтага етди.

6. Расмий статистика фақат аниқланган касалланиш ҳолатларини қайд этмоқда. Ҳақиқий ҳолат бошқа мамлакатлардаги каби бир неча баробар фарқли бўлиши мумкин. Сабаби ҳамма беморлар ҳам тиббий ёрдамга мурожаат қилишмаяпти, симптомсиз беморларни эса ҳисобга олишнинг имкони йўқ.

Ечим:

1. Тиббиёт муассасаларининг фаолиятини енгиллаштириш учун беморларни уйда даволаш ва карантинни уйда ўтказиш бўйича баённома қабул қилинди.

2. Карантин марказига қўплаб фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг карантинда бўлиш муддатини камайтириш имконини берувчи янги қисқа муддатли карантинда сақлаш протоколи қабул қилинди.

3. 20 кунлик танаффус — соғлиқни сақлаш муассасалари, шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бўлган босимни юмшатиш ва август ойида мамлакат иқтисодиётини тиклашда давом этиш учун зарур.

Ҳурматли фуқаролар соғлигингизни асранг ва коронавирусга чалинмаслик чора-тадбирларини фаол қўллаб-қувватланг! Ҳозирги қийин вазиятда, кўринмас душман билан олиб борилаётган жангда енгилмаслигимиз керак ва барчамиз ўз ҳаётмиз ва оила-аъзоларимизнинг соғлигига хавф туғдирмасликка мажбурмиз!

Коронавирус ўйлаб топилган ёки умуман йўқ эмас, у афсуски бор. Энг ачинарлиси, у бизнинг орамизда тарқаб кетганини ҳеч қандай баҳона билан инкор қила олмаймиз!