EFFECT.UZ ахборот агентлигига Ички ишлар органлари фаолиятидан норози бўлаётган фуқародан мурожаат келиб тушди.

Айтилишича, фуқаро Маззамхон Аширматова бундан 6 йил аввал яъни 2014 йил Россияда ишлаб топган пулларини ўз жиянлари Мўйдиновлар билан бирга ишлаш мақсадида уларга топширган.

Тўғрироғи, Маззамхон Аширматованинг жиянлари унинг 17 йил Россияда ишлаб топган 87 минг АҚШ долларини ёғ-мой заводи қуриб бериш мақсадида ўзининг қариндошидан олиб, шундан сўнг ғойиб бўлган.

Орадан вақтлар ўтди, аммо жиянлар ваъда қилган корхонадан дарак ҳам йўқ эди. Маззамхон опа эса жиянлари ваъдасини бажаришни кутиб, вақтларини ўтказиб юраверарди. Бироқ сабр косаси тўлган Аширматова кун келиб, ўзининг жиянлари устидан Ички ишлар органлари ходимларига шикоят қилишга мажбур бўлади. ИИО ходимлари аксига олиб, сабабсиз Маззамхон Аширматованинг ўзини текширишни бошлашади.

Орада жабрланувчи (таҳририят) жиянларининг алдовлари билан Хитойга бориб сафарда бўлиб кайтади.

EFFECT.UZ

“Жияним сиз берган пуллар Хитойда турибди, бориб бирга олиб келамиз, деб мени олиб кетди. Мен ҳам унинг сўзларига ишониб, ортидан боришга мажбур бўлдим. 87 минг доллар пул берганман, аммо бу пулдан Хитойга сафаримиз учун 7 минг доллар айриб юборди. Бу менга керак эмас эди.

Ички ишлар органларига ишончим қолмаган, неча марта ариза қилиб борсам, ишни ёпиб юборишди. Чунки жиянларимга қарши иш очилса, уларнинг ноқонуний кумуш-тилла заводлари ҳам фош бўлиши мумкин эди. Ички ишлар органи ходимлари эса бундан қўрқишарди. Чунки жияним менга бир неча марта “сиз ёзорасиз, улар ишни ёпиб ташлашади, чунки орада ментлар ҳам бу пулдан “йеяпти” дея дўқ-пўписа қиларди. Ундан ташқари, “мен “СНБ” (ДХХ) да ишлайман” деб қўрқитарди.

Дардимни достон қилиб, ҳатто Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг сайёр қабулига ҳам кирдим. Бош прокурор мени эшитиб, муаммоингизни ҳал қиламиз деб ваъда берганди. Бироқ Ниғматилла ака ҳақида ҳам нотўғри фикрга боришимга оз қолди. Сабаби уларга қилган мурожаатимнинг натижасидан қониқмадим.

Отангга бор, онангга бор!Бу тумандан, бу туманга жавоб хатлари келаверади, тугамайди, 83 билан ёпиб юборишади. Ҳақиқат бордир ахир! Тошкент прокурори Шерзод Аблақулов ҳам менга ёрдам бермоқчи эди, бўлмади. Қўлимда барча ҳужжатларим бор, жияним билан гаплашилган аудиоёзувларни ҳатто стенограмма орқали терговчиларга тақдим қилганман. Бирортасини инобатга олишмаган”, дейди Маззамхон Аширматова.

Тушунтирилишича, Маззамхон опа бир нечта ваколатли ташкилотларга мурожаат билан чиққан, аммо опанинг кийиниши ёки шу каби ҳаракатларини кўриб, улар опанинг айтганларини жиддий қабул қилмасдан бу аёлни ҳатто “тухматчи”га ҳам чиқариб қўйишган.

Маззамхон Аширматова ноиложлигидан ОАВ орқали Президент Шавкат Мирзиёев, Олий мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ва бошқа мутассади раҳбарлардан ёрдам сўради. Ушбу масала бўйича назоратни ҳеч бўлмаганда Танзила Нарбаева зиммасига олса, опанинг бу кўз ёшлари ўрнида хурсандчилик кўз ёшлари қалқиган бўлар эди. Ҳа, Маззамхон опанинг мурожаатини Танзила Нарбаева инобатга олиши керак, чунки Олий мажлис сенати Раисининг ўзи ҳам аёл, у ҳам она… Танзила Нарбаева Маззамхон опанинг муаммоси ҳал бўлишида амалий ёрдам кўрсатади деган умиддамиз.

Виждонсиз, амалпараст ва айрим “порахўр” ИИО ходимларига эса инсоф сўраб қоламиз! Шу ўринда яна бир савол: бу масала Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг хотирасидан кўтарилдими ёки раҳбарнинг ишчи столида фақат “ёғли” масалалар ўрин олганми?