Ижтимоий тармоқда 2020 йилнинг 4 июль куни  “Чирчиқда Nexia дарёда оқиб кетибди” сарлавҳаси остида видео лавҳа тарқалган. Ушбу видео бўйича ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, 2020 йил 30 июнь куни соат тахминан 18:20 да, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтган 4Р12 Бектемир—Чорбоғ автомобиль йўлининг 32 километрида ҳайдовчи 2001 йилда туғилган И.М. Nexia русумли транспорт воситасида ҳаракатланаётиб, эҳтиётсизлиги оқибатида бошқарувни йўқотган.

Натижада ҳайдовчи Х.Ж. бошқарувида бўлган “Зил” юк автомашинасининг ён томонига урилган ва ушбу ҳудуд атрофидан ўтган Чирчиқ дарёсига тушиб кетган. Дарёга тушиш вақтида ҳайдовчи автомобилдан тушиб қолишга улгурган.

Ушбу ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ. Nexia дарёдан чиқариб олинган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.